Касб-ҳунарли ёшлар – мамлакат таянчи
Касб-ҳунарли ёшлар – мамлакат таянчи

 

Кейинги йилларда инсонга муносабат ўзгаргани ҳақида кўп айтилади. Айниқса, ёшларга нисбатан, уларнинг илм олиши, ҳунарли бўлиши, умуман, жамиятда муносиб ўрнини топиши билан боғлиқ масалаларга муносабат ҳам тубдан ўзгарди. Тизимли ёндашув йўлга қўйилди. Буни ёшларни касбга йўналтириш мисолида кўриб чиқсак, янада аниқ тасаввур ва хулосага эга бўламиз.

Қадимдан ота-боболаримиз фарзанд тарбиясида хоҳ у ўғил, хоҳ қиз бўлсин, касб-ҳунарли қилишга алоҳида эътибор берганлар. Фарзандларининг лаёқати, қобилиятига қараб тарбиялаганлар. Таъкидлаш лозимки, болада меҳнатга муносабат даставвал оиладан бошланади.

Инсоннинг униб-ўсиши, шахс сифатида шаклланиши, умуман, ҳаётнинг маъносини фаолиятсиз, меҳнатсиз тасавуур қилиб бўлмайди. Одамзод пайдо бўлишидан бошлаб меҳнат билан шуғулланган. Дастлаб фақат кун кечириш учун қилинган меҳнат кейинчалик каттароқ мақсадни, манфаат кўришни, жамият учун хизмат қилишдек шарафли фаолиятга айланган. Ҳозирги кунда ҳам мазкур масала долзарблигини йўқотмаган.

Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг билим олиши, меҳнат қилиши, ўз қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариши учун қулай шароит яратиш сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу борада улкан ва амалий натижаларни ҳар бир ўзидан ўтказиб ҳис қилиб бормоқда.

Қисқа даврда ушбу йўналишда 100 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилингани, уларнинг ижросига масъулият билан ёндашилаётгани буни яққол тасдиқлайди.

Халқимиз қалбидаги эзгу ғоя – Янги Ўзбекистонни бунёд этиш учун биринчи навбатда таълимни янада ривожлантиришга қаратилаётган эътибор кишини қувонтирмай қолмайди. Ўйлаб кўрайлик, бола умрининг қарийб 10 йилини мактабда ўтказади.  Бу давр ичида уни ҳар томонлама илмга, ҳунарга интилувчан қилиб тарбиялаш ҳар биримизнинг вазифамиздир.

Ёшларни касб-ҳунар танлашга тайёрлашда ҳар бир ўғил-қиз шахсидаги индивидуал хусусиятларни инобатга олиш, уларнинг туғма истеъдодлари, маълум бир касб-ҳунарга нисбатан бўлган лаёқат, мойилликка қараб касб-ҳунар йўналтириш ёшлар орасида ишсизликнинг олдини олиш баробарида жамиятга фойдаси тегадиган мутахассислар сони кўпайишида муҳим аҳамиятга эга.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2022 йилда мактабларни тамомлаган 385 839 нафар ўқувчиларнинг 136 649 нафари (35,4 %) ОТМларга ўқишга қабул қилинган, 113 979 нафари (29,5 %) ўзини-ўзи банд қилган, 33 116 нафари (8,6 %) ишга жойлашган, 18 187 нафари (4,7 %) тадбиркорлик фаолиятини бошлаган, 5 165 нафари (1,3 %) чет давлатларга, 2 528 нафари (0,7 %) ҳарбий хизматга кетган.

Бугунги кунда мактаб таълимида янгича ёндашувлар кўзга ташланмоқда. Халқаро илғор тажрибалар ўрганилиб, энг самарали деб топилганлари амалиётга жорий этилмоқда. Ўсмирларни ўқиш, тилларни ўзлаштириш, касб-ҳунарга ўргатиш ва қизиқтиришда замонавий усуллардан фойдаланилмоқда.

Ўтган йили 14 474 нафар 11-синф битирувчилари касб-ҳунар ва тадбиркорлик курсларида ўқиб,  шундан 9 113 нафар битирувчи тегишли сертификат олган ва 3 677 нафар битирувчига имтиёзли кредитлар берилган.

18 та умумтаълим фанлари бўйича 1-11-синфлар учун яратилаётган Миллий ўқув дастурларига 302 та касбга оид мавзулар киритилди. Ўқувчиларни замонавий касбларга ўқитиш ва йўналтириш мақсадида “Milliy taʼlim resurslari”да 25 дан ортиқ замонавий касбларни ўргатувчи IТ-соҳаларидаги 700 дан ортиқ, “profnavigator.uz”да 450 дан зиёд видео-дарсликлар, видео-контентлар, тақдимотлар ҳамда профессиограммалар жойлаштирилди. Битирувчи синф ўқувчиларига талаб юқори бўлган 64 та ишчи касб (ошпаз, кондитер, тикувчи, дурадгор, сантехник) ва “креатив саноат” йўналишидаги 10 та касб (дизайнер, Ай-Ти дастурчи, 3 D-аниматор, медиа-монтажчи каби) ўргатилмоқда.

Ёшларни муносиб касб ва соҳага йўналтириш, ёшлар бандлиги – бу давлат аҳамиятига молик масала, чунки айнан ёшлар мамлакат кадрлар салоҳиятини ташкил қилади.

Ёшлар бандлигини таъминлаш давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг долзарб ва узоқ муддатли вазифаси ҳисобланади. Бугунги кунда инсон салоҳиятининг рақобатбардошлигини ошириш кўп жиҳатдан ёшларга оид стратегияга боғлиқдир.

Бугунги ёшлар кўп жиҳатдан жамиятдаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларга таъсир кўрсатади. Шу билан бир қаторда, ёшларни муносиб касбга йўналтириш, ишга жойлаштириш орқали жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш муҳим вазифа ҳисобланади.

Бу янги ҳаёт остонасига қадам қўяётган ёшларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш баробарида ўзига бўлган ишончи, ҳаётга бўлган ишончи ортишида, қолаверса, юртимиз равнақи, тараққиёти учун муносиб ҳисса қўша оладиган авлодлар бўлиб тарбияланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ёшларнинг маънавий, ахлоқий, жисмоний, руҳий эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, уларни ҳар томонлама касб-ҳунар танлашга мустақил тайёрлаш долзарб вазифа эканлигини англаган ҳолда, 2023 йил 1 февралдан бошлаб республика бўйича тажриба синов тариқасида 42 та туман (шаҳар)да жами 126 та мактабда 64 та ишчи касблар, 21 та тадбиркорлик йўналишлари ҳамда 10 та IT ва “креатив индустрия” йўналишлари бўйича 9,8 минг нафар ўқувчилар касбга ўргатилди.

Меҳнатсеварлик халқимизга хос хислатлардан биридир. Инсон ҳар бир нарсага ўз меҳнати, интилишлари ёрдамида эришади. Меҳнат туфайли фарзандларимиз мустақил ҳаётга эркин инсон бўлиб қадам қўядилар. Биз эса уларга кўмакдош, ҳаётда тўғри ва ўз йўлларини топишларида йўлчи йўлдош бўлишимиз зарурдир. Шу мақсадда ҳудудларимизда мактаб битирувчилари учун “Таълим ва касб-2023” халқаро кўргазмасини ташкил этилди. Кўргазмага 50 дан ортиқ хорижий олий таълим муассаса вакиллари, 80 мингга яқин мактаб битирувчилари жалб этилди. Бундан ташқари, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан “Ўзбекистон профессионал таълим тизимида ислоҳотлар ва замонавийлаштириш жараёнларини қўллаб қувватлаш” лойиҳаси доирасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, 2 маротаба республика семинари ўтказилди.

Ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва агротехнология йўналишидаги корхона ва ташкилотларга 34 мингга яқин экскурсиялар ташкил этилиб, 616 минг нафардан ортиқ ўқувчилар қамраб олинди. Битирувчи ўқувчиларининг касбга бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида “Касб ва ёшлар” очиқ мулоқот ойлиги ўтказилиб, 562 989 нафар умумтаълим мактаб ўқувчиларининг 716 та профессионал таълим муассасаларига ташрифи ташкил этилди.

«Ҳунар – ҳунардан ризқинг унар», дейди доно халқимиз. Ўқувчи мактабни тугатгач, уни тўғри йўналтириш, сўнг талаб юқори бўлган касб эгаси бўлишга кўмаклашиш унинг келгуси ҳаётида жуда муҳим аҳамиятга эга. Рақамлардан, амалга оширилаётган ишлар салмоғидан кўриниб турибдики, Президентимиз бошчилигида ёшларнинг ҳар томонлама етук ва баркамол бўлиб етишишлари учун оталарча ғамхўрлик қилинмоқда.

Мақсад эзгу ва ягона – Янги Ўзбекистон фарзандлари ҳаёт билан ҳамнафас, шижоатли, билимга чанқоқ, ҳалол ва ҳаётга теран нигоҳ билан боқа оладиган инсонлар бўлиб тарбия топишига эришишдир. Меҳнаткаш ёшлар тўғри фикр, илғор дунёқараш билан мамлакатни фаол ривожлантирувчи драйверга айланади.

 

Дилбар МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш