Ялпи мажлис: Муҳим, аммо ноаниқликлар бор
Ялпи мажлис: Муҳим, аммо ноаниқликлар бор

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бошланди. Анъанавий тарзда кун тартибидан ўрин олган масалалар кетма-кетлик асосида кўриб чиқила бошлади. Бир меъёрда ўтадиган мажлисда доимги фаол депутатлар сўз сўрайди, фикр айтади, изоҳ талаб қилади ёки эътироз билдиради. Бу гал ҳам фаоллар қонун лойиҳасига нима сабабдан эҳтиёж борлигини ва ундаги меъёрларнинг мазмунини тушунтириб берилишини астойдил сўради.

Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Унда мобиль қурилманинг халқаро ўзига хос идентификация кодини ёки абонент қурилмасининг идентификациялаш модулини қонунга хилоф равишда ўзгартирганлик ёки унинг нусхасини кўчирганлик учун ҳам маъмурий ва жиноий жавобгарликни назарда тутувчи меъёрлар белгиланмоқда.

Ёдингизда бўлса, ушбу тизим жорий этилганда кўплаб эътирозларни келтириб чиқарган эди. Ўшанда нега бунга эҳтиёж ёки зарурат туғилгани одамларга керакли тарзда тушунтириб берилмаган бўлиши мумкин.

Эндиликда нега жавобгарлик белгиланяпти, уяли алоқа воситасидаги кодга ҳам парламент вакиллари бош қотирадими, дейишга шошилманг. Чунки ушбу меъёр орқали сизу-биз каби оддий одамлар, яъни телефон аппаратидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари, асосийси, хавфсизлиги ҳимоя қилинар экан. ИИВнинг маълумотларига кўра, бугунги кунда битта идентификация коди 5 мингтагача уяли алоқа воситасида фойдаланилаётган ҳолатлар бор экан. Бу эса жиноят ҳолатларини аниқлашда ана шу код билан телефон аппарати ишлатаётган шунча фуқаронинг шахсига ойдинлик киритиш кераклигини англатади. Соддароқ қилиб айтганда, жиноятчи битта, гумондор эса беш мингта, дегани.

Масаланинг яна бир жиҳати, бир неча ўн миллиардлаб товарларнинг контрабанда йўли билан олиб келинишига чек қўйилди. Аммо фирибгарликнинг янги шакли, яъни битта телефон учун мўлжалланган кодни бир неча минглаб нусхада клонлаштириш ҳолатлари авжига чиқди. Ваҳоланки, бу ахборот ва шахс хавфсизлигига ҳам дахл қилувчи омиллардан саналади.

Масалан, телефон аппаратида фаоллаштирилган код орқали картадан тўловлар, пул ўтказмаларини амалга ошириш ёки бошқа турдаги хизматлардан фойдаланиш имкони мавжуд. Битта коднинг кўплаб телефонларда бўлиши эса ана шундай ҳолатларда хавфсиз саналмайди. Кибержиноятлар сони ошиб кетишига олиб келади. Ёхуд йўқолган аппаратни топиш, унинг эгаси турган жойни аниқлаш каби вазиятларда ҳам ҳар бир воситага алоҳида рақам бўлишини талаб этади.

Демак, уяли алоқа воситаларининг идентификация рақамини рўйхатдан ўтказиш фақатгина давлат ғазнасини бойитишга қаратилган ҳаракат эмас. Бу орқали ахборот хавфсизлигини таъминлабгина қолмай, фуқароларнинг ахборот алмашиш ҳуқуқлари ҳимояланади. Бундан буён эса уларни клонлаштириш жавобгарликка тортишга сабаб бўлади ва бу тўғри қарор, деган фикрлар билдирилди. Депутатлар ҳар бир савол бўйича берилган изоҳлардан сўнг, лойиҳани маъқуллади.

 

Нодавлат архив ташкилоти қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга?

Навбатдаги лойиҳа «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар киритиш ҳақида бўлди. Иккинчи ўқишда кўрилаётганига қарамасдан, тузатишлар, ўзгартиришлар қолиб кетган ҳолатлар анчайин муҳокамага қизғин тус берди.

Мазкур ҳужжат билан «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунга нодавлат архивлар фаолиятини бошлаганлик ва тугатганлик тўғрисида хабарнома юборишни назарда тутувчи хабардор қилиш тартибини жорий этишга қаратилган қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, нодавлат архив фаолиятини бошлаганлик бўйича ваколатли органни хабардор этмасдан фаолиятни амалга оширганлик, хабардор қилиш тартибида фаолият юритиш учун белгиланган талаблар ва шартларнинг бажарилганлиги юзасидан ваколатли органга ёлғон ёки нотўғри маълумотлар берганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Аммо лойиҳада айрим тушунарсиз жиҳатлар ҳам йўқ эмас экан. Масалан, нодавлат архив фаолиятини бошлаш ва ташкил этиш орасида катта фарқ бор. Бу амалиётда муаммоларга сабаб бўлиб қолиши мумкинлиги таъкидланди. Ушбу ҳолат ташкил этувчи субъект ким деган саволни юзага келтирди. Қонун ташаббускорлари депутатларнинг фикрларини инобатга олиб, мазкур хатони тўғрилаш вазифасини зиммасига олди. Чунки архив фаолиятини ташкил этиш ваколати амалдаги қонунчиликка кўра, давлат архивига тегишлидир. Лойиҳадан асосий мақсад эса нодавлат ташкилот фаолиятини тугатадиган бўлса, ундаги ҳужжатларнинг тегишли тартибда бошқа фондга ўтказилишини таъминлашдан иборат.

Зеро, шу кунгача иши тўхтаган ташкилотлар бу ҳақида ҳужжат эгаларини хабардор қилмаган ва натижада архивларнинг йўқолиб қолиш ҳолатлари учраб келган. Мазкур лойиҳа ана шундай вазиятларда жавобгарликни оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Шунга қарамай, айрим моддалар ўзгартириладиган ва мавҳум меъёрлар чиқариб юбориладиган бўлди. Ана шундай шарт билан депутатларнинг аксарияти иккинчи ўқишда лойиҳани маъқуллади.

 

Пенсиялар йиллик инфляциядан келиб чиқиб оширилади

Мажлис давомида халқимизни бирдек қизиқтирадиган ва уларнинг мамнуниятига сабаб бўладиган лойиҳа кўриб чиқилди. Гап шундаки, ўз вақтида олинмаган пенсияларни тўлаш муддати 24 ойгача узайтирилмоқда.

Бу «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижара муносабатларидаги ҳуқуқ ва эркинликларини янада мустаҳкамлаш ҳамда пенсияларни тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасида кўрсатилмоқда.

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартишлар киритиш йўли билан аҳолининг ҳаёт даражасини янада ошириш, шунингдек, ижтимоий ҳимоя дастурларининг самарадорлигини қайта кўриб чиқиш, халқаро стандартларга ва замон талабларига мувофиқлаштириш назарда тутилмоқда. Жумладан, амалдаги қонунчиликка кўра, пенсионерларга ҳисоблаб қўйилган, лекин улар томонидан талаб қилиб олинмаган пенсиялари мурожаат қилинган вақтдан олдинги 12 ой учун тўлаб берилади. Натижада пенсионерлар 12 ойдан кўп вақт республика ҳудудида бўлмаганда уларга ўн учинчи ва ундан олдинги ойлар учун пенсия тўланмайди.

Ваҳоланки, бундай пенсионерлар йилига ўртача 820 нафарни ташкил этади. Уларга тўланмаган пенсия миқдори эса 15 миллиард сўмга етади. Демак, лойиҳа билан шунча фуқаронинг ҳуқуқлари ҳимояланиши кўзланган.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасига кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб ҳисоблаб чиқарилган, лекин олинмаган пенсияларни тўлаш муддати икки баробарга, яъни 12 ойдан 24 ойгача узайтирилмоқда. Шунингдек, пенсиялар миқдори йил давомида товарлар ва хизматларнинг истеъмол нархлари индекси даражасининг ўсиш суръатларини ҳисобга олган ҳолда, ошириб борилишини, маҳкумлар озодликдан маҳрум қилинган даврларида амалга оширган фаолияти даврлари пенсия олиш ҳуқуқини берадиган фаолият тури сифатида белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилиши назарда тутилмоқда.

Депутатлар ушбу лойиҳанинг муддатидан кечикканини танқид қилди. Зеро, ушбу қонун лойиҳаси ўтган йили 1 ноябрда кириб келиши керак эди. Шунингдек, даромадлар индексация қилинган тақдирда, пенсия қайта ҳисобланиши билан боғлиқ меъёрга ойдинлик киритиш зарурлиги қайд этилди. Лойиҳага кўра, мазкур масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари асосида амалга оширилишидаги мавҳумлик очиқланиши керак, деган фикр билдирилди. Мажбурият нега Молия вазирлиги ёки ҳукуматга қаратилмагани саволларни келтириб чиқарди.

Яъни, индексация қай тартибда ва ким томонидан амалга оширилиши билан боғлиқ масала очиқ қолган. Яна бир жиҳати, қайси даврда амалга оширилиши билан боғлиқ аниқ муддат кўрсатилмаган. Ваҳоланки, пенсия олувчилар нархлари ошган товарлар ва хизматлардан ўша вақтда фойдаланиши керак, келажакда эмас.

Инфляция ўсиш суръатларига кўра пенсияларнинг миқдори оширилиши бюджетдан қанча маблағ талаб қилиши ва буни ким белгилаши бўйича тизим ишлаб чиқилиши зарур. Ташаббускорлар эса мажбуриятни давлат раҳбарига қаратиш билан кифояланган.

Депутатлар эҳтиёж бўлган ҳужжатни биринчи ўқишда маъқуллади. Аммо ҳали ўзгартирилиши керак бўлган жиҳатлари анчагина кўринади.

Шундан келиб чиқиб, таклиф этилаётган меъёрларга аниқлик киритиш, Президент ҳужжатларига кўра амалга оширилиши билан боғлиқ масалани қайта кўриб чиқиш ва бу борада тизим яратиш зарур, деган хулоса берилди.

Қуйи палата мажлисида яна бир қатор қонун лойиҳалари кўрилди ва улар тузатиш, ғализлик ҳамда ноаниқликларни бартараф этиш шартлари билан кўпчилик овозда маъқулланди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 20.09.2022, №37

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш