Мустаҳкам Марказий Осиё
Мустаҳкам Марказий Осиё

 

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашуви 14-15 сентябрь кунлари Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтди.

Унда Марказий Осиёнинг давлат раҳбарларидан ташқари фахрий меҳмон сифатида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ҳамда БМТ Бош котибининг махсус вакилиМарказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича Минтақавий марказ раҳбари Каха Имнадзелар қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ, минтақадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо, инвестициялар, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва экология соҳаларида қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш, хавфсизлик соҳасидаги замонавий таҳдид ва хатарларга қарши чора кўриш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон етакчиси ўз нутқида минтақа мамлакатлари ўртасида ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларни юксак баҳолади.

Давлатимиз раҳбари бир қатор соҳаларни ривожлантиришга доир қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

 

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича

— эркин савдо зоналарини тезроқ шакллантириш;

— барқарор савдо-логистика занжирларини шакллантириш,

— чегара олди ҳудудларида савдо ва кооперация марказларини очиш ва кенгайтириш;

— ўзаро савдо бўйича қонунчиликни уйғунлаштириш;

— божхона маъмурчилиги, санитар ва фитосанитар назорат, товарларнинг қаердан олиб келинаётганлигини сертификатлаш бўйича ягона электрон платформалар яратиш;

— минтақавий электрон савдо майдонини ишга туширишни кўзда тутадиган комплекс минтақавий дастурни қабул қилиш;

— ташқи савдо фаолияти бўйича масъул бўлган вазирларнинг доимий учрашувини ўтказиш механизмини ишга тушириш.

 

Транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича

— тармоқ вазирлари учрашувлари доирасида Марказий Осиёда Транспорт ва транзит ҳақидаги битимни ишлаб чиқиш;

— бизнес учун қулай бўлган оралиқ тарифларни қўллаган ҳолда, Хитой, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорларига чиқиш учун самарали транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича аниқ механизмларни шакллантириш;

— транспорт хизматлари бозорини либераллаштириш ва рухсат этишга доир тартиб-таомилларни оптималлаштириш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш;

— халқаро ташувларнинг интеграциялашган рақамли платформасини яратиш;

— фаолиятга озарбайжонлик шерикларни фаол жалб этиш.

 

Энергетик хавфсизлик бўйича

— электр энергиясини етказиб бериш учун янги магистрал тармоқларни барпо этиш;

— энергия манбаларини диверсификация қилиш;

— муқобил энергетика соҳасига инвестиция ва технологияларни жалб этиш;

— “Яшил” водородни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш.

 

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича

— саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти кўмагида минтақавий Шериклик дастурини тайёрлаш.

 

Иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича

— минтақанинг иқлимга оид ягона кун тартибини шакллантириш ва биргаликда таъсирчан чора-тадбирларни қабул қилиш учун экология вазирлари даражасида “Иқлим бўйи ча Марказий Осиё мулоқоти” кўп томонлама платформасини таъсис этиш.

 

Хавфсизлик бўйича

— чегараларни ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш бўйича Давлатлараро дастурни ишлаб чиқишга киришиш;

— хавфсизликка нисбатан анъанавий ва янги хавф-хатарларга қарши курашиш борасидаги ценарийларни амалда қўллаш бўйича қўшма ҳарбий-ўқув машқларини давом эттириш;

— фавқулодда вазиятлар юзасидан прогнозлар қилиш, уларнинг олдини олиш, барвақт огоҳлантириш ва уларга биргаликда қарши туриш борасида минтақавий тизимни шакллантириш.

 

Афғонистон бўйича

— Афғонистоннинг бугунги ҳокимияти билан доимий ва очиқ мулоқот қилиш, улар билан чегаралар хавфсизлиги, сувдан фойдаланиш ва савдо-сотиқни ривожлантириш масалалари бўйича мулоқот олиб бориш;

— Афғонистон ҳокимияти билан ҳамкорликни ўзаро келишилган ҳолда олиб бориш учун Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон бўйича махсус вакиллари даражасида мулоқот гуруҳини ташкил этиш каби бир қатор долзарб таклифларни илгари сурди.

Сўзининг якунида Президентимиз Маслаҳат учрашувлари ишлари бўйича Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгашини таъсис этиш таклифини қўллаб-қувватлади ҳамда Марказий Осиё давлатлари иқтисодий кенгашини ташкил этишни таклиф қилди.

Ўзбекистон раҳбари учрашув натижалари мамлакатларимиз ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга, кенг миқёсдаги минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Маслаҳат учрашуви якунида бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди:

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашуви якунлари бўйича қўшма баёнот;

Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ёшларга оид сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисида битим;

Марказий Осиёда ер усти транспортининг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисида битим;

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ишлари бўйича Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгаши тўғрисида низом;

2022-2025 йилларда Марказий Осиёда саломатлик ва фаровонликни қўллаб-қувватлаш учун “йўл харитаси”.

 

Марказий Осиёда сув масаласи

Душанбеда ташкил этилган яна бир муҳим тадбир Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг йиғилиши бўлди. Мазкур жамғарма ташкил этилганига 30 йил тўлиши муносабати билан бу йиғилишни юбилей ҳам дейиш мумкин. Пандемия сабабли жамғарманинг учрашувлари юзма-юз ўтказилмай қолган эди.

Йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти минтақадаги сув билан боғлиқ вазиятни яхшилаш ва тартибга солиш бўйича бир қатор таклифларни билдирди.

 

Биринчи таклиф

Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш ва институционал механизмларини модернизация қилиш.

Бунда асосий ҳужжатлар ва битимларни хатловдан ўтказиш, жумладан, 1990 йилларда қабул қилинган Жамғарма низомини қайта кўриб чиқиш, амалдаги тузилма фаолиятини биргаликда таҳлил қилиш ва Жамғарма таркибидаги ташкилотлар ишини мувофиқлаштириш ва самарасини ошириш борасида таклифлар тайёрлаш, унинг фаолияти ва ҳамкорлик масалаларини аниқ тартибга солувчи “Қоида ва тартиб-таомиллар”ни ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Жамғармани ривожлантириш ва ислоҳ этиш жараёнларини тармоқлараро тамойил асосида, яъни замонавий экологик таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда, “сув – энергетика – озиқ-овқат” тартибидаги комплекс ёндашувлар негизида амалга ошириш муҳимдир.

Бундан ташқари, Тузилманинг асосий ҳужжатларида трансчегаравий дарёлар сув ресурсларини бошқариш ва фойдаланиш соҳасида умумэътироф этилган меъёрлар, принциплар ва ўзаро мажбуриятлар ўз ифодасини топиши лозим.

 

Иккинчи таклиф

Жамғарма бошқарувига амалдаги Дастурни танқидий қайта кўриб чиқиш топшириғини бериш таклиф этилди.

Бунда ҳар бир минтақавий лойиҳанинг ҳажмини ва молиялаштириш манбаларини белгилаган ҳолда, “йўл хариталари”ни, шунингдек, уларнинг ижроси бўйича келишилган жадвални тайёрлашни назарда тутиш лозим.

 

Учинчи таклиф

Устувор минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун инвестиция, технология ва техник кўмакни жалб этиш масалалари бўйича тизимли ҳамкорликни кучайтириш.

 

Тўртинчи таклиф

Жамғарманинг ишчи органлари халқаро консультантлар иштирокида Амударё ва Сирдарё ҳавзаларини ривожлантириш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган режалар ишлаб чиқиш.

 

Бешинчи таклиф

Сув ва бошқа табиий ресурслардан тежаб-тергаб фойдаланиш маданиятини шакллантириш, махсус дастурни қабул қилган ҳолда, ёшлар ташаббуслари ва стартапларини қўллаб-қувватлаш масалаларида ёшлар билан ишлашни минтақавий даражада ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари Афғонистонда қурилаётган “Қўштепа” канали бўйича ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Жумладан, каналнинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкинлигини таъкидлаб, “Қўштепа” каналининг қурилиши ва унинг Амударё сувидан фойдаланиш тартибига таъсири билан боғлиқ барча жиҳатларни мамлакатларимиздаги тадқиқот институтларини жалб этган ҳолда ўрганиш бўйича Қўшма ишчи гуруҳини шакллантириш таклифини билдирди.

Қолаверса, Президентимиз Афғонистон вакилларини сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этди.

Марказий Осиё минтақасидаги вазият ҳам, муносабатлар ҳам бир маромга, яъни, ўз ўзанига тушаётгани, бунда Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари асосий драйвер вазифасини бажараётганлиги ва бу ташаббуснинг айнан Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилгани сиёсий таҳлилчилар томонидан таъкидланмоқда.

Экспертлар давлатимиз раҳбарининг “Қўштепа” канали ва Афғонистон томони ҳақидаги фикр ва таклифларини реалликни ҳисобга олиш, минтақани жипслаштириш сари ташланган яна бир қадам, дея баҳоламоқда.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон минтақадаги сув билан боғлиқ мавжуд вазиятни чуқур англаган ҳолда, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича катта миқёсдаги чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Охирги 7 йил мобайнида мамлакатимизда суғориладиган ерларнинг тўртдан бир қисмини ташкил этадиган 1 миллион гектардан ортиқ майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилгани ҳам бунинг яққол исботи дейиш мумкин.

Ўзбекистон томони минтақадаги дўстлик, ҳамкорлик муҳитини қўллаб-қувватлаши ва бу йўлда асосий жарчи эканлигини бутун дунё эътироф этмоқда.

 

Аҳмад ҚУРБОНОВ

тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 20.09.2022, №37

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш