Таклиф ва ташаббусларга бой нутқ
Таклиф ва ташаббусларга бой нутқ

 

Давлатимиз раҳбарининг дунёнинг олий минбари – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқи, унда билдирилган фикр-мулоҳазалар, илгари сурилган таклиф-ташаббуслар кенг жамоатчилик, халқаро ҳамжамият, экспертлар томонидан эътироф этилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш керак, давлат тилида янграган нутқ замонамизнинг энг ўткир масалаларини ўз ичига олган бўлиб, дунё ҳамжамиятининг эътиборини қаратди. Шу билан бирга, нутқда мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган изчил ва давомли ислоҳотлар рақамлар, фактлар билан баён этилди. Аввало, ҳар биримиз нутқни тинглаб, ўқиб, таҳлил қилишимиз, хулосалар чиқаришимиз зарур.

Ўзбекистон ўз олдига қўйган энг устувор 15 дан ортиқ мақсадлар дунё ҳамжамиятига билдирилди. Жумладан, ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича бугунги кўрсаткични 2030 йилга қадар яна 2 баробарга ошириш, иқтисодиётимизни либераллаштириш йўлида Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш, камбағалликни 2030 йилгача 7 фоизга тушириш, аҳолини ичимлик суви, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа ижтимоий хизматлар билан таъминлаш кўламини бир неча бор ошириш, инсон капиталини ривожлантириш ва креатив ёш авлодни тарбиялаш, минтақавий ҳамкорлигимизни кенгайтириш, Марказий Осиёни тинч ва гуллаб-яшнаётган ҳудудга айлантириш, оилалар мустаҳкамлигини, аёлларимизнинг ҳуқуқий ҳимояси ва осойишта ҳаётини таъминлаш каби эзгу мақсадлар.

Президентимиз томонидан 20 дан ортиқ таклиф ва ташаббуслар баён этилдики, уларнинг барчаси бугунги геосиёсий қарама-қаршиликлар, глобал хавфсизлик ҳамда инсоният тақдирига дахлдор бўлган масалалар ҳисобланади. Хусусан, 2024 йили БМТ шафелигида “Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўл” бутунжаҳон конференциясини юртимизда ўтказиш, мажбурий ва болалар меҳнатига қарши курашни бутун дунё миқёсида кучайтириш, Орол фожиаси оқибатларини бартараф этишда халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши, экстремизм балоси тарқалишига, ёшларнинг радикаллашувига йўл қўймаслик учун биргаликдаги ҳаракатларни кучайтириш, Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этиш, дунё ҳамжамиятини Афғонистон муаммосини ҳал этиш йўлида бирлашиш, келгуси авлодларга сайёрамизни қандай ҳолда қолдириш ҳақида ўйлаш каби ташаббуслар барчани бирдек мушоҳадага чорлагани шубҳасиз.

Нутқда эътиборимни энг кўп тортган жиҳат камбағалликка барҳам бериш, халқ фаровонлигини ошириш ва барқарор иқтисодий ўсишга эришишнинг энг самарали омили ҳамма учун очиқ ва сифатли таълим эканлиги билдирилганлиги бўлди. Бу борада ҳам Ўзбекистоннинг аниқ режалари борлиги айтилиб, 2030 йилга қадар ҳар бир боланинг боғчага қатнаши, мактабни битираётган ҳар икки ўқувчининг бири эса олийгоҳда ўқиши учун имконият яратилиши таъкидланди.

Дарҳақиқат, тарих ҳам, бугунги ҳаёт ҳам исботламоқдаки, илм тараққиётнинг асосидир. Зеро, бобомиз Имом Бухорийнинг ўн икки аср аввал “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай”, деган фикрлари бунинг ёрқин далили бўла олади.

Мазкур нутқда билдирилган таклифлар, ташаббуслар ва ғояларнинг амалга ошишида биз депутатлар ҳам фаол иштирок этишимиз, уларнинг ҳуқуқий заминини яратишимиз лозим бўлади.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш