Давлат дастури лойиҳаси мазмун моҳияти талаба ёшларга тушунтирилди

 

Ўзбекистон ХДП Мирзо Улуғбек туман кенгаши томонидан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Ўзбекистон-2030" стратегиясини 2024 йил – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида амалга ошириш бўйича Давлат дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Унда Тошкент шаҳар ва туман кенгаши депутатлари, партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши ходимлари, университет профессор ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.

Тадбирни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Юсуфжонов Одил Абдугафурович очиб берди. Ўз сўзида мамлакатимизда ёшлар масаласи ҳамиша кун тартибида экани, уларнинг билим олишлари, касб-ҳунарли бўлиб вояга етишлари учун барча шароит ҳамда имкониятлар яратилаётгани алоҳида таъкидланди. Ўз навбатида талаба ёшлар ҳам мана шундай имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда юрт тинчлиги, ватан равнақи йўлида ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишлари кераклиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, тадбирда Давлат дастурида назарда тутилаётган, жумладан, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган мақсад-вазифалар алоҳида қайд этилди.

– Давлат дастури лойиҳасида “Ўзбекистон-2030" стратегиясининг 5 та йўналиши кесимида 2024 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар ва ишлаб чиқилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати белгиланмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, академик Шамансур Сагдуллаев.

Унга кўра, 2024 йилнинг 1 мартидан бошлаб, маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси қарори билан “Ёшлар баланси” асосида истеъдодли ва иқтидорли ёшлар вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ташкилотлари раҳбарларига бириктирилади. Мазкур раҳбарлар ҳар ойда камида бир маротаба ўзларига бириктирилган ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва истеъдодини юзага чиқариш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш ва ҳаётда ўз ўрнини топишига ҳар томонлама кўмаклашиб бориши лозим бўлади.

Шунингдек, “Келажак касблари” лойиҳасини ташкил қилиш орқали ўқув марказлари билан ҳамкорликда ёшларни 3D моделлаштириш, робототехника, мобилография, маркетинг, график-дизайн, анимация каби замонавий йўналишларда ўқитиш, танлов асосида келажак авлоднинг истиқболли бизнес лойиҳа ва ғояларини саралаш каби ёшларни қўллаб-қувватлашга доир муҳим вазифалар белгиланаётгани эътиборга молик.

Давра суҳбатида депутатлар, партия вакиллари ва фаол ёшлар ҳужжат лойиҳаси юзасидан ўз таклифлари, фикр-мулоҳазаларини билдирди. Хусусан, ишсизлар, ёшлар, ногиронлар, боқувчисини йўқотганлар, кам таъминланган аҳоли ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг балансини шакллантириш ҳамда уларни маҳалла раислари орқали аниқ рўйхат асосида платформага киритиш чораларини кўриш масаласига эътибор қаратилди.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Фахрий Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш