Инсон ҳуқуқлари, қадр-қиммати ва шаънини ҳурмат қилиш демократик ислоҳотлар табиий ривожланиш йўлига чиқишида энг долзарб вазифалардан биридир.
Лекин, афсуски, бу вазифани бажариши зарур бўлган ҳуқуқ-тартибот органлари тизимида муаммолар ҳали ҳамон сақланиб қолмоқда. “Qalampir.uz” сайтида эълон қилинган “Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (+18)” номли мақола ва фильмда баён қилинган воқеалар ҳаммамизни бу ҳақда яна бир бор чуқур ўйлаб кўришга ундади.
Бош прокуратура томонидан 2017 йилда “Бекобод металлургия комбинати” (Ўзметкомбинат) АЖга оид жиноят иши тергови жиноят-процессуал қонунчилигига зид равишда ўтказилганлиги, терговда иштирок этганлар асоссиз қамоққа олиниб, уларга ва яқинларига Бош прокуратура терговчилари томонидан жисмоний ва руҳий тазйиқлар бўлгани, қийноққа солинганликлари билан боғлиқ воқеалар бўйича катта масъулият билан қонуний баҳо берилишини кенг жамоатчилик кутяпти. Бош прокуратура текшириш натижалари бўйича батафсил ахборотни қисқа муддатларда тарқатиши шарт. Муддат чўзилиши жамоатчиликда саволлар ва шубҳалар кўпайишига олиб келиши мумкин.
Фильмда исми-фамилияси айтилган, Бош прокуратура терговчилари экани таъкидланаётган ходимлар ҳозир қаерда? Улар фаолияти давомида яна қандай ишлар бўйича қанақа тергов ҳаракатларини амалга оширган?.. Бу каби саволларга жавоблар аниқ бўлиши муҳим. Умуман, одамларни даҳшатли қийноқларга солгани айтилаётган ходимларнинг шахси очиқланиши, айбдорлар жамоатчиликка кўрсатилиши шарт.
Ташкилотнинг обрўсини сақлаш, ўз ходимларини ҳимоя қилиш истаги инсон шаъни, ҳаёти дахлсизлиги билан боғлиқ ҳолатларда бутунлай четга сурилиши керак. Айбдорлар эшик ортида қолдириладиган замон ёнимизда эмас, ортимизда эканига одамларни ишонтириш учун бунга аввал ўзимиз чин дилдан ишона олишимиз ўта муҳим.
Умид қиламизки, Бош прокуратура фильмда баён этилган қийноқларга “ўша вақтдаги хатолар” сифатида ёндашмайди. Бу воқеа бутун прокуратура ходимлари фаолиятини чуқур танқидий таҳлилдан ўтказиш зарурлигига жиддий белги сифатида қабул қилиниши энг тўғри қарор бўларди.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати.