Маърифат йўқ жойда эзгулик ҳам бўлмайди
Маърифат йўқ жойда эзгулик ҳам бўлмайди

 

“Жаннат боғидан баҳрамандлик истар экансан, аввало, мунис онани рози айлагин”

Президентимизнинг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида келтирилган ҳазрат Навоийнинг бу ҳикматли жумлалари юртимизда буюк она сиймоси, мўътабар аёл зоти асрлар оша қадрланиб келинаётганини кўрсатади.

Бугунги кунга келиб аёл, она қонуний ҳақ-ҳуқуқларга, касб-корга, билим-салоҳиятга, катта имконият ва шароитларга эга бўлган замонавий аёл сифатида ҳурмат-эҳтиромга чулғанмоқда. Жамиятнинг барча жабҳаларида ақл-заковати билан ўзини намоён эта олмоқда. Зеро, бутун халқимиз, хотин-қизларимиз учун фаровон ҳаёт барпо этиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, орзу-мақсадларга имконият яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган.

Рақамларга назар ташлайлик. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 2017 йилдаги 27 фоиздан 35 фоизга етгани, кейинги 5 йилда Ўзбекистонда ишбилармон аёллар сафи икки баробар кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 205 мингдан ошгани, ўтган йилнинг ўзида эса 147 нафар хотин-қизлар фан доктори, 1 минг 238 нафари фалсафа доктори илмий даражасига эришгани, олийгоҳларда таълим олаётган 1 миллион 300 минг нафарга яқин талабанинг ярмидан кўпи яъни, 653 минг нафардан зиёдини, магистратурада ўқиётган ёшларимизнинг қарийб 60 фоизини қизлар ташкил этаётгани ҳар биримизда чексиз фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади.

Албатта, бундай катта ва муҳим натижалар узоқни кўзлаган чоралар орқали амалга ошмоқда. Бу осонлик билан бўлиб қолаётгани ҳам йўқ.

Аёлларнинг, хусусан, қиз боланинг ўқиб, олий маълумотли бўлиши, касб-ҳунар эгаллаши оила бахти, фарзандлар камоли учун, шу асосда бутун жамият равнақи учун хизмат қилади, дея таъкидлади давлатимиз раҳбари ўз нутқида.

Юртимизда хотин-қизларимизнинг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганидан барчамиз хабардормиз. Ҳаётий муаммолар тизимли ҳал этилаётгани қанчадан-қанча аёлларнинг орзу-умидлари рўёбга чиқишига хизмат қилмоқда.

Уй-жойли бўлиш оила мустаҳкамлигининг энг муҳим асоси, муқаддас қўрғонидир. Шу жиҳатдан хотин-қизларга ажратилган 6 триллион сўмлик ипотека кредитлари ҳисобидан 25 мингдан зиёд оилалар ўз уйларига эга бўлгани, бу борада 6 минг 200 нафар аёлга уй-жой шароитини яхшилаш ва кредитнинг бошланғич бадалини тўлаш учун 200 миллиард сўм субсидия ажратилгани оилалар, айниқса, унда камол топаётган фарзандларга қанчалик қувонч бахш этганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Ўтган йилнинг ўзида “Аёллар дафтари” бўйича 1 триллион 234 миллиард сўм ҳисобидан қарийб 994 минг нафар хотин-қизнинг муаммоси ҳал этилган, ижтимоий ёрдамга муҳтож 690 мингдан зиёд оилага манзилли ёрдам кўрсатилган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг вакиллари, етим қолган ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 2 мингдан зиёд талаба учун 14 миллиард 500 миллион сўм контракт пули маҳаллий бюджетлар ҳисобидан қоплаб берилган.

Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили давлат дастурида белгиланган вазифаларга эътибор қаратадиган бўлсак, бу каби эзгу ишларнинг давоми сифатида хотин-қизларнинг соғлигини мустаҳкамлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалаларига янада кучли эътибор қаратилганини кўрамиз.

Президентимиз ўз нутқида бугунги таҳликали замонда жаҳон миқёсида кучайиб бораётган радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик, ҳаётга енгил-елпи, истеъмолчилик кайфияти билан қараш каби хатарлардан ёшларимизни ҳимоя қилиш ўта долзарб масалага айланаётганини таъкидлаб, юртимиздаги барча аёлларга мурожаат қилди.

Дарҳақиқат, оилада фарзанд тарбиясига эътиборни кучайтириш, боғча, мактаб ва олийгоҳларга кириб бориш, ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиш, фарзанд ва набираларимизнинг ўқиши, давомати масаласи, ахлоқ-одоби билан қизиқиш биз аёллар, оналар, бувижонларнинг асосий вазифамиз бўлмоғи лозим.

Чиндан ҳам болаларимизни билимли ва ақлли, оқни қорадан ажрата оладиган, эл-юртимизга содиқ, мустаҳкам иродали инсонлар этиб тарбиялаш учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз зарур. Тан олишимиз керак, орамизда шон-шуҳрат орттириш, ҳашаматли ҳаёт қуриш ёки оддий кундалик ташвишлар билан ўралашиб, фарзанди тарбиясига бефарқ бўлаётган, ўқитувчиси, тарбиячиси билан мулоқот қилиб, ўғли, қизи ёхуд набирасининг хулқ-атвори, ўқиши, давомати хусусида ойда-йилда бир марта бўлсаям сўраб-суриштирмайдиган аёллар ҳам йўқ эмас.

Фарзанд тарбияси болани оқ ювиб, оқ тараш, яхши едириб- ичириш, яхши кийдиришгина эмас, балки унинг онг-тафаккури, билим-савияси, дунёқарашини ҳам тарбиялаш демакдир. Жадид боболаримиздан бири Абдулло Авлоний бола тарбияси аввало онанинг вазифаси экани ҳақида бежизга хулоса қилмаган, албатта.

Бу тарихимизда ўз исботини ҳам топган. Зеро, биз асрлар давомида фахрланиб келаётган, диёримиз довруғини дунёга танитган буюк алломаларимиз, адиб ва шоирларимизни дунёга келтириб, бутун борлиғини фидо қилиб тарбиялаган Сароймулкхоним, Гавҳаршодбегим, Нодирабегим, Увайсий каби оқила, доно оналаримизни бир эслайлик. Аёл зоти учун жуда оғир бўлган даврларда улар қилган ишларни, шундай катта шароит ва имкониятлар замонида яшаб биз қила олмаймизми?..

Президентимиз ўз нутқида маънавий тарбия ишларини энди мутлақо янгича усулда олиб боришимиз кераклигини, “Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз”, деган ғоя асосида бу жараённи аввало оиладан, маҳалладан бошлашимиз лозимлигини таъкидлади. Бу пурмаъно фикр устида чуқурлашадиган бўлсак, дарҳақиқат, эзгуликни шиор қилар эканмиз, маърифатли бўлишимиз керак, маърифат йўқ жойда эзгулик ҳам бўлмайди, деган хулосага келамиз. Демак, бугун оилага ҳам, фарзанд тарбиясига ҳам маърифат билан, ақл-идрок билан ёндашиш чоғидир.

Бундай ёндашувни ҳаётга татбиқ этиш хотин-қизлар ташкилотлари, маҳалла фаоллари ёки тарғиботчилар, ҳаёт неъматларидан баҳраманд бўлиб умргузаронлик қилаётган, фарзанд кўриб оналик мақомига, набира кўриб момолик мақомига мушарраф бўлган ҳар бир аёлнинг қалб ишига айланмоғи лозим.

 

Назира МАТЯҚУБОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

«Ўзбекистон овози», 13.03.2023, №10

 

 

 

 

Теглар

Фахрий Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш