Ватанпарварлик одамларни, оддийликни ҳурмат қилишдан бошланади
Ватанпарварлик одамларни, оддийликни ҳурмат қилишдан бошланади

 

Қорайган, қаварган, чиниққан қўллар, чанги қотган, ажинлаган юзлар, қуёшда, шамолда охори камайган кийимлар, ийманган ва самимий нигоҳлар...

Шундай инсонларни тушунмасдан, турмуши ва тафаккурини ҳис қилмасдан, уларнинг яқинида бўлиб, ёрдам бериб, хизмат қилиш завқини туймасдан, давлат одамиман, мутахассис, мутасадди ёки амалдорман, деб гердайишдан маъно йўқ.

Бугун дунёдаги, яқин­атрофдаги, Ўзбекистондаги, маҳаллаю хонадонлардаги муҳит, вазият, оталардаги ғамхўр ўйчанлик, оналардаги безовта жонкуярлик тўғрисида фикрламаган, ўзгариш, янгиланиш учун фидойилик заруратини илғамаган, англаб ололмаган, англасада тан олмаган мулозиму мутахассис камида уялиши керак.

Халқ билан мулоқот қилиш, мурожаатларга ечим топишга ундалган сиёсатнинг бош маъноларидан бири одамларни тушунишга, тушунтиришга имконият яратиш ҳамдир. Пастга тушиш кўпроқ қуёшли, баъзида чангли, гоҳида ёмғирли, баҳорда ёниқ гулли ҳаётга, сокин маҳаллага, тақир-туқур рўзғорларга, камтарингина дастурхонларга яқин бўлиш, уларнинг асл тароватини туйиш, шундан кейин мутахассису мулозимлик қилиш, ҳужжату низомлар тайёрлаш масъулиятини сездириш ҳамдир.

Кейинги бир неча йилда мамлакатда қанча ўзгариш, янгиланиш бўлгани ҳақида бировга соатлаб, кунлаб гапириш мумкин. Лекин ҳеч қандай изҳор одамнинг қўли билан тутиб кўргани, қалби билан ҳис этганига етмайди.

Худога шукрки, халқимизни тушунадиган, турли ҳудудлардаги, қишлоғу овуллардаги ҳаётни чангу лойи билан бирга яхши кўрадиган, оддийлик ва тўғрилик ҳикматини ўткинчи нарсалардан устун қўядиган давлат хизматчиларининг янги авлоди шаклланиб бормоқда.

Улар тақир ерда етилган камтарона ҳосилдан, гул ўраб, тўртта мева тутган кўчатдан, шижоат билан ясалган ўроқ дастасидан, меҳр қўшиб тикилган кашталардан, онасига зўрға эргашаётган қўзичоқлар интилишидан, яна кўплаб оддий ва буюк ҳодисалардан завқланишни билишади. “Пастга туш”, “маҳаллага бор”, “уйма­уй юр”, “чорасини топиб, ёрдам бер”, деган топшириқларга улар имконият, элга хизмат масъулияти ва мажбурияти деб қарайди.

Ва, албатта, халқ билан давлат ўртасидаги мустаҳкам алоқани, ишонч ва самимийликни шундай хизматчилар тутиб туради, десак, ҳеч муболаға бўлмайди. Аслида улар ҳақида гапириш, илиқ сўз айтиб, мақташ ҳам шарт эмас. Улар хизматни қилиб, натижадан куч олиб, индамай ишлаб юраверади.

Лекин, афсуски, реал ҳаёт билан ҳамнафас бўлиш, одамлар билан мулоқот қилиб, уларга самимий хизмат қилиш, қўлдан келганча амалий ёрдам бериш, қўллаб­қувватлаш бўйича берилган вазифаларни яхши тушунмасдан, бунинг масъулиятини англамасдан ёки англашни истамасдан, топшириқларга юзаки ёндашаётган, давлат омонат сифатида берган ваколат ва имкониятни бировдан мерос қолгандай сезиб, бўлмағур ишлар кайфияти домига тушиб қолаётган хизматчи кимсалар, адашган мутахассису мулозимлар ҳам бор.

Одамларнинг олдига бориб, маҳаллалар, хонадонларда юриб, чиройли расмга тушишнинг “пир”и бўлиб кетган иштиёқмандлар, қоғоз тўлдириш, кўримли жадваллар ясаш учунгина югуриб юрганлар икки томонлама зиён келтириши ҳақида ўйламаса керак.

Содда ва самимий одамлар расмий мутахассису мулозим қиёфасида аввали давлатни кўриб тушунади. Унинг ҳар бир гапи, ваъдаси ва мулоҳазасини давлатники, деб қабул қилади. Тўғри бўлса, давлат тўғри экан, номига учрашса, давлатники ҳам номига экан, деб ўйлаши мумкин.

Давлат хизматчисининг яна бир муҳим функцияси бор. У қонун-қоидани тушунтириш, ёрдам бериш, қўллаб-қувватлаш асносида фуқароларнинг дунёқараши, фикри, ўзига ва ҳаётга муносабатини ҳам ўзгартира олиши керак. Номига юриб, номига мажлис ўтказиб, ҳудудларга, маҳаллага номига, ўлганнинг кунидан бориб келадиган мутахассису мутасаддилар одамларни руҳлантириш, тўғри дунёқарашни шакллантириш ўрнига, тескарисига сабабчи бўлиши мумкин.

Ўзингиз ўйланг, 10 мингта маҳаллага бешлик, еттилик тизимини яратиб бериш, уларни ҳар томонлама таъминлаш, ўзига, янгиланишга ишончини, тирикликка, керак бўлса, ёруғ оламда бахтли яшашга ҳафсаласини кўтаришга муҳтож минг-минглаб одамларни руҳлантириш, тақир томорқаларда бир­икки дона гиёҳ ундириш осонлик билан бўлаётгани йўқ.

Бу ишларнинг бошида, таг заминида оддийликка меҳр, одамларга самимий ҳурмат, халққа хизмат қилиш саодати турибди. Қалбда учқун бўлмаса, қизарган юзлар, қаварган қўллар олдида масъулият сезилмаса, давлат одамиман, эл хизматидаман, деб овунишдан ҳеч бир маъно чиқмайди.

Хизматчиларнинг шундай тоифаси ҳам шаклланмоқдаки, улар содда одамларнинг саволларига, жуда жўн масалаларда маслаҳат ва ёрдам сўрашига, кичкина нарса учун кўп миннатдорлик билдиришига димоғдорлик, озгина ман­манлик кайфияти билан қарашни бошлашган. Айрим мулозимлар йўл учун, етказилган сув, таъмирланган мактаб учун миннатдорлик кутишгача бориб етишади.

Одамларни ҳурмат қилмаслик, элга нописанд қараш узоқ тарихимизда ҳам, яқин тарихимизда ҳам яхшилик келтирмаган, аксинча, кўп оғир муаммоларни қолдирган. Шунинг учун беписандлик ҳолатларига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Халқимиз билан юзма­юз ишлаётган ҳар бир хизматчи қизарган юзли, қаварган қўлли шу халқ, оддий одамлар бўлмаса, давлат ҳам, ваколат ҳам, мартаба, мансабу мулозамат ҳам ҳеч қандай қийматга эга бўлмай қолишини англаб олиши ниҳоятда муҳим.

Кейинги бир неча ойда қанча амалдор, қанча ҳоким алмашди, ўзгарди? Қанча хизматчи мулозим бўлмағур, майда ишларга берилиб, камерага тушди, оиласини, яқинларини уялтирди, омонатга хиёнат қилди?

Амалдорлар алмашгани, масъуллар янгилангани вазифалар, масъулият кўлами кенгайиб бораётганидан. Жойларда демократик бошқарув сари босқичма­босқич қадам қўйилмоқда. Жараён изчил ва самарали ташкил этилса, хизматчилар фаолияти бўйича асосий назорат жамоатчилик, фуқаролар иродасига ўтади. Бу стратегик натижа бўлади, давлат идоралари халққа хизмат қилишда давом этишига ишонч ва тизим мустаҳкамланади.

Дунё ҳар куни мураккаблашмоқда. Давлатлар, халқ ва миллатлар тарихнинг исталган палласида катта синовларга дуч келиши мумкин.

“Таҳлика нима бўлишидан қатъи назар, агар биз одамларимизни рози қилсак, ўша таҳдидга тайёр бўла оламиз. Барқарор ва тез суръатларда ўсадиган иқтисодиёт керак. Юқори даромадли янги иш ўринлари керак. Экспорт керак. Буларнинг ҳаммаси учун фидойилик ва ватанпарварлик керак”.

Ўзини, тасаввуридаги оламини қишлоғу овуллардаги юртдошларимизнинг тақир­туқур рўзғори, камтаргина дастурхонидан узоқ ёки айро ўйлаётган, давлат билан халқнинг ўртасидаги ришталар қанчалик нозик эканини илғамаётган амалдору мулозимлар давлат раҳбарининг бу гаплари ҳақида хаёлни бир жойга қўйиб ўйлаб олиши муҳим.

Халқ бўлмаса, давлат ҳам, амалу мартаба ҳам, унинг рўзғори бут, иқтисоди тетик бўлмаса, даромаду хотиржамлик ҳам бўлмайди. Бир куни бир катта амалдор эзилиб, “узоқ қишлоқдаги бир оиланинг катагида товуғи кўпайгани мамлакат иқтисодиётига нимаям таъсир қиларди, шунча оворагарчилик шартмиди”, дегандай саволомуз гапирибди. Бир қарасанг, саволида жон бордай. Лекин кенгроқ ўйлаб қарасанг, мамлакатнинг улкан рўзғори минглаб, миллионлаб кичкина рўзғорлар билан чамбарчас боғланган. Рўзғорларда бир шохда мева, бир илдизда картошка камайса, давлатга таъсири билинади.

Албатта, бу гапларни давлат хизматидаги кўпчилик яхши тушунади, кўнглидан ўтказиб ҳис қилади. Биз кўпроқ тушунмаганлар, англашга қийналадиганлар учун эслатишга, ёрдам беришга ҳаракат қиламиз.

Ватанпарварлик, фидойилик ҳақида гапириш осон эмас. Бу туйғуларни тушунтириш янада қийин. Одам қаерда бўлмасин, ўзи қилаётган ишини, вазифасини сидқидилдан бажарса, ёлғон, қинғирлик аралаштирмаса, деҳқон уруғ қадаб, вақтида сув қуйса, чўпон қўйини вақтида ўтлатиб турса, шунинг ўзи катта гап, буям бир ватанпарварлик.

Ўзини ҳурмат қилган одам аввали ўзини алдамайди, рўзғорини, ҳаётини тўғри йўлга қўяди, томорқасини қаровсиз, бўш ерини дарахтсиз қолдирмайди, фарзандларига намуна бўлиш ҳақида ўйлайди, вазифасини тўғри бажаради, тўғри қилинган ишлар яхшиликлар яратади. Ўзимизни ҳурмат қилиш оиламиз, яқинларимиз, давлат ва жамиятимиз учун ҳам жуда муҳим экан. Шу туйғу ҳаммамизга кўпроқ насиб этсин.

 

Тўлқин Тўрахонов.

«Ўзбекистон овози», 17.04.2023, №16

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш