2023 йилнинг 31 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Видеоконференция шаклида ташкил этилган йиғилишда қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Улардан бири "Хусусийлаштириш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси бўлиб, ушбу ҳужжат давлат мулкини хусусийлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиши билан муҳим ўрин тутади.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 27 октябрда қабул қилинган "Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони доирасида ишлаб чиқилган айни қонун лойиҳаси давлат мулки объектларини хусусийлаштириш жараёнлари очиқлик ва ошкоралик, қонунийлик принциплари асосида амалга ошишини таъминлаш, харидорларнинг оммавий савдоларда иштирок этишлари учун тенг шароитлар яратиш, шу асосда давлат мулкини хусусийлаштириш натижаларига инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш мақсадларига йўналтирилган.
Албатта, ҳозирда амалдаги "Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни мавжуд бўлгани ҳолда юқоридаги қонун лойиҳасига қандай зарурат бор эди, деган савол туғилиши мумкин. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, айнан давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш ва хусусий мулк устуворлигини кафолатлаш йўлида белгиланган ислоҳотларни рўёбга чиқариш учун илғор халқаро тажрибаларни чуқур ўрганган ҳолда бугунги давр талабларидан келиб чиқиб хусусийлаштириш жараёнларини тўлиқ қамраб оладиган ягона қонун ҳужжатини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ қилишга эҳтиёж яққол сезилмоқда. Қолаверса, бу соҳадаги жараёнларни тартибга солиш билан боғлиқ қонуности ҳужжатларининг кўплиги, улар ўртасида зиддиятларнинг кузатилиши салоҳиятли хорижий инвесторларни жалб этишда қийинчиликларни юзага келтираётгани сир эмас. Шу нуқтаи назардан 10 та боб ва 46 моддадан иборат "Хусусийлаштириш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси алоҳида диққатга моликдир.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, унинг қабул қилиниши мамлакатимиз ички ресурсларидан ва рақобатбардош устунликларидан тўлиқ фойдаланиш асосида иқтисодиётнинг диверсификациясини чуқурлаштиришга, инвестиция жозибадорлигини оширишга ижобий таъсир кўрсатишини қайд этдилар.
Шундан сўнг йиғилиш кун тартибига кўра, "Педагог мақоми тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокамасига киришилди.
Таъкидланганидек, иккинчи ўқишда кўриб чиқилган бу қонун нафақат ҳуқуқий, балки сиёсий ва ижтимоий аҳамиятга ҳам эгадир.
Дастлаб мазкур қонун лойиҳаси номи "Педагог ходим мақоми тўғрисида" деб келтирилган эди. Аслида педагог – бу алоҳида касб эгаси. Агарда "ходим" сўзи қўшилса, бу тушунчанинг маъноси торайиши мумкин. Шу сабабли қонун лойиҳаси номидан иккинчи ўқишда "ходим" сўзи чиқариб ташланди ҳамда педагог тушунчаси 3-моддада батафсил тавсифланди.
Асосий мақсад – педагогларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган бу қонунда соҳа вакиллари ўз касбий фаолиятини амалга ошириши учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш баробарида ҳуқуқларини, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини давлат ҳимоя қилиши қатъий белгиланди.
Ҳужжатда педагогнинг ўз касбий фаолиятини амалга ошириш тартиби, педагог ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, педагогик этика қоидаси, педагогларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, аттестация ва малака тоифалари, меҳнатига ҳақ тўлаш, рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоя қилиш қоидалари аниқ-равшан келтирилганки, бу қонуннинг қабул қилиниши орқали, сўзсиз, педагогларнинг нуфузи янада юксалади.
Депутатлар масаланинг айни шу жиҳатига урғу бериб, педагогларнинг манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш алалоқибат таълим сифатини оширишга сезиларли туртки беришини айтиб ўтдилар.
Навбатдаги "Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ҳам фракция йиғилиши иштирокчиларининг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди.
Маълумки, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар жадал суръатга кириб бормоқда. Хусусан, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб бориляпти. Суд қарорлари қонунийлиги, асослангани ва адолат мезонларига мувофиқлигини текшириш институти такомиллашаётгани ҳам ҳақиқат.
Мана шундай шароитда, табиийки, соҳага доир қонун ҳужжатлари қаторида Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ҳам зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда. Иккинчи ўқишда кўриб чиқилган қонун лойиҳасида ушбу талаб ва меъёрлар ўрин олган.
Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишлар вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар мазкур судларда тафтиш тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида қайта кўрилиши, алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўрилиши, шунингдек, апелляция ва кассация инстанцияси судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилиниши ҳамда уларнинг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш масъулияти юклатилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Йиғилишда ушбу ўзгартириш ва қўшимчаларнинг моҳияти ҳамда аҳамияти атрофлича баён этилиб, қонун кучга кирса, иқтисодий судлар фаолиятида сифат ўзгаришлари юз бериши учун ҳуқуқий асос янада мустаҳкамланиши, адолат ва қонун устуворлигига хизмат қилиши борасида якуний хулосалар билдирилди.
Умуман олганда, йиғилиш кун тартибида кўрилган барча қонун лойиҳалари Янги Ўзбекистонни тараққий эттириш, халқимиз фаровонлигини ошириш йўлидаги кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирок этаётган Халқ демократик партияси дастурий мақсадларига уйғунлиги айтиб ўтилди.