Янги Ўзбекистонда камбағал оилаларни кескин камайтириш учун тарихий қадам қўйилди. Ҳеч кимга сир эмаски, янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда белгиланган нормаларни ҳаётга татбиқ қилиш жадаллик билан давом эттирилмоқда.
Эндиликда ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг аъзоларидан камида бир нафари олий маълумотли бўлади. Бу эса, ўз навбатида камбағалликдан чиқариш учун муҳим йўналиш бўлмоқда.
Янги Ўзбекистонни барпо этишда камбағалликни қисқартириш, ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларни оғир вазиятдан чиқариш энг асосий вазифалардан бири сифатида белгиланиб, натижага қаратилган муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида камбағалликни қисқартириш ишларини кейинги сифат босқичига олиб чиқиш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Президент ҳар бир камбағал оилада, айниқса, хотин-қизлар орасидан камида 1 нафар олий маълумотли бўлиши учун шароит яратилишини маълум қилди.
Қувонарлиси олийгоҳ, коллеж ва техникум талабаларининг ўзлаштириш кўрсаткичи камида 80 фоиз бўлса, уларга кейинги ўқув йили учун фоизсиз таълим кредити бериладиган бўлди.
Бундан ташқари, молиявий мустақил бўлган олийгоҳларни ҳар бири йилига камида 1 миллиард сўмлик грант эълон қилиш, ушбу грантлар ҳисобидан, фанларни ўзлаштиришидан келиб чиқиб, камбағал оила фарзандлари контрактининг 20 фоиздан 80 фоизгача қисми қоплаб берилиши таъкидланди.
Ўйлайманки, инсонни энг оғир вазиятлардан илм, билим, ҳунар қутқаради. Бу нафақат иқтисодий балки, миллат учун тарбиявий аҳамиятга эга. Илмга интилган ёшларимизни моддий қўллаб қувватлаш келажакда рақобатбардош кадр бўлиб етишишига имконият беради. Шунинг билан бирга, меҳнат бозорида кучли кадрлар, эртанги кунга ишонган, олдинга интилувчи ёшларни тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Мазкур сайи-ҳаракатлар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг энг асосий мақсадларидан бири бўлган ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик, барча учун тенг имкониятларни яратиш ғояларига тўлиқ мос келади.
Камбағал оилалар фарзандларининг боғча, мактаб, техникум ва олийгоҳларда сифатли таълим олишини ташкил қилиш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш масалаларини мувофиқлаштириш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига юклатилганлиги, бош ислоҳотчи бўлган давлатнинг ҳалқ фаровонлиги йўлидаги катта мақсадлари учун дадил қадами бўлади.
Ёрқин келажак сари, илм ортидан интиладиган ёшларимиздан бу имкониятлардан тўлақонли фойдаланишларини сўраб қоламан.
Шоҳиста Турғунова
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси