Мамлакатимизда қурилишга оид талаблар кучайтирилишини таклиф этамиз
Мамлакатимизда қурилишга оид талаблар кучайтирилишини таклиф этамиз

 

Бугун Ўзбекистонда 50 мингдан ортиқ қурилиш компаниялари мавжуд бўлиб, уларнинг сони йилига 5 000 тагача ортиб бормоқда. Қурилиш компанияларининг сони ошиши баробарида, қурилиш ташкилотлари томонидан қурилиш-шаҳарсозлик қоидаларига риоя қилмаслик ҳолатлари рўй бераётгани ҳам сир эмас. Бундан ташқари, кўп қаватли уйлар, савдо марказлари қурилиши учун кўплаб яшил ҳудудларнинг йўқотилиши ва уларнинг ўрни тўлдирилмаётгани мамлакатимиздаги экологик ҳолатга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз Сайловолди дастурида қурилишга оид талабларни кучайтириш ғоясини илгари сурмоқда.

Қурилишга оид талабларни кучайтириш, хусусан, янги тураржой массивларини лойиҳалашда яшил ҳудудлар, мактаблар, болалар боғчалари, поликлиника ва автотураргоҳларнинг қурилишини лойиҳага мажбурий киритилиши қулай ва яшашга яроқли шаҳар муҳитини яратишга ёрдам беради.

Ижтимоий инфратузилма (мактаблар, болалар боғчалари, тиббиёт муассасалари)ни ҳисобга олмаган ҳолда янги турар-жой объектларини қуриш мавжуд объектларнинг ортиқча юкланишига олиб келиши мумкин, бу эса кўрсатилаётган хизматлар сифати ва ҳаёт фаровонлигига салбий таъсир қилади.

Шу билан бирга, қурилиш талабларини кучайтириш ва ижтимоий инфратузилманинг мажбурий ҳисобга олиниши янги турар-жойлар аҳолиси учун мактаблар, болалар боғчалари, поликлиникалар ва автотураргоҳлар каби муҳим объектлардан тенг фойдаланиш имкониятини кафолатлайди. Яшаш жойига яқин масофада зарур ижтимоий объектлар ва яшил ҳудудларнинг мавжудлиги янги ҳудудларда ижтимоий кескинликни камайтириш ва ҳаёт сифатини яхшилашга кўмаклашади.

Шунингдек, мазкур талабларни кучайтириш атроф-муҳит барқарорлигини таъминлашга имконият яратади. Яъни, яшил ҳудудлар яратилиши экологик мувозанатни сақлаш, ҳаво ифлосланишини камайтириш ва шаҳарларда қулай микроиқлимни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Қурилиш жараёнида яшил зоналарни мажбурий равишда барпо этиш тўғрисидаги меъёрларнинг қонун ҳужжатларида мустаҳкамланиши экологик вазиятни яхшилашга ёрдам беради.

Шаҳарлар кўпинча “иссиқлик ороли” муаммосига дуч келади, бу кўп ҳолларда зич қурилган бинолар ва яшил майдонларнинг етишмаслиги натижасида ҳароратнинг ошишига олиб келганда пайдо бўлади.

Партиямиз томонидан илгари сурилган ташаббусга асосан яшил майдонларни қурилиш режаларига киритиш бу таъсирни камайтиришга кўмаклашади.

 

 

 

 

 

Теглар

Сайлов Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш