Жорий йилнинг 2 октябрь куни Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бош штабида партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев ва партия сайлов штаби масъуллари МДҲ Бош котиби ўринбосари Д.Трефилов, МДҲ Ижроия қўмитаси Миссия штаби раҳбари Е.В.Козяк билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Марказий Кенгаш раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев хорижий кузатувчиларга дастлаб Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан бўлажак сайловларда муносиб иштирок этиш учун амалга оширилган ишлар, жумладан, янги сайловолди дастури ва депутатликка номзодларни шакллантириш жараёнлари ҳақида маълумотлар берди. Шунингдек, айни пайтда қизғин паллага кирган сайловолди ташвиқотларида партия ва номзодларнинг иштирокига тўхталди.
Бу йил илк бор аралаш сайлов тизими асосида ўтказилаётган сайловлар хусусиятларидан келиб чиқиб, партиянинг уларда иштироки билан боғлиқ фаолиятидаги ўзгаришлар меҳмонларда қизиқиш уйғотди. Ўз навбатида, делегация вакиллари сайловлар бўйича кузатув олиб бориш тартибига тўхталиб ўтди ва ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилди.
Учрашув ўзаро самимий, дўстона кўтаринки руҳда ўтди.
Худди шундай мулоқот жорий йилнинг 27 сентябрь куни МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси Кенгаши бош котиби маслаҳатчиси С.Караваев ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси иштирокчи давлатларида демократиянинг ривожланиши, парламентаризм ва фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш халқаро институти эксперти С.Ткаченко билан ҳам ўтказилган эди.