ХДП ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти тарафдори

 

Шу кунларда республикамиз бўйлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар сайловларига сайловолди ташвиқотлари авжига чиққан.

“Ҳар бир инсон фаровонлиги учун!” шиори остида сайловолди тарғиботини фаол олиб бораётган Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Жиззах вилояти Кенгаши томонидан ҳам жойларда асосий электорат вакиллари иштирокида кўплаб мулоқотлар ўтказиляпти. Хусусан, вилоятнинг Зафаробод туманидаги Баркамол авлод болалар мактабида ЎзХДПдан депутатликка кўрсатилган номзодлар Нуриддин Холматов ҳамда Феруза Қулиевалар сайловчилар билан учрашди.

Тадбирда партиянинг янги сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифалар ҳақида атрофлича сўз юритилиб, давлат ва жамиятни ривожлантириш, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритишга оид кўплаб таклиф ва ташаббуслар илгари сурилгани тўғрисида батафсил тўхталиб ўтилди. Партия ўз дастурий мақсадларга эришиш йўлида кейинги беш йиллик учун 10 та йўналиш 15 та стратегик қадамдан иборат устувор вазифалар белгилаб олингани таъкидланди.

Масалан, партия ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти тарафдори бўлиб, иқтисодий сиёсатнинг ижтимоий самарадорлигини таъминлаш, иқтисодиётда давлатнинг асосий тартибга солувчи ролини кучайтириш зарур, деб ҳисоблайди. Иқтисодиётда давлатнинг фаол роли ва иштирокини сақлаб қолиш, камбағалликни қисқартириш, солиқ қонунчилигини такомиллаштириш ҳамда банк-кредит соҳасини ривожлантиришга интилади. Шу мақсадда стратегик аҳамиятга эга компаниялар устидан давлат назоратини сақлаб қолиш, уларни хусусийлаштиришни қонун даражасида тақиқлаш, ишсизлик бўйича мажбурий ижтимоий суғурта миллий моделини жорий этиш, маҳаллий инвесторларни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, уларга хорижий инвесторлар билан бир хил имтиёзлар бериш, вазирлик ва идоралар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш ёки жарима солиш натижасида тушадиган барча тушумларни тўлиқлигича Давлат бюджетига йўналтириш каби таклиф ва ташаббуслар билан чиқмоқда.

Тарғибот тадбирларида партия ғояларининг асл мақсади ижтимоий тенглик, ижтимоий адолат принциплари асосида ишлаб чиқилгани, аҳолининг барча қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиши таъкидланмоқда.

Сайловчилар билан мулоқотлар чоғида юрт келажаги, эртанги кунга бефарқ бўлмаслик, фаровон, демократик давлатни барпо этишда аҳолининг, жамоатчилик вакилларининг фаол бўлиши катта аҳамиятга эга эканлиги тушунтирилмоқда. Халқ демократик партияси номзодлари, унинг дастури ва албатта, партияга овоз беришга чақирилмоқда.

 

 

 

 

 

Теглар

Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш