Ҳамма юраги ёниб ишласа, кўпдан-кўп масалалар ечилади
Ҳамма юраги ёниб ишласа, кўпдан-кўп масалалар ечилади

 

Халқ депутатлари Кенгашларини ҳудудларда мавжуд муаммоларни ҳал қиладиган асосий бўғинга айлантириш вазифаси бежиз кун тартибига чиққани йўқ. Чунки маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз жойларда электорати манфаатларини ифодалайдиган, ҳимоя қиладиган энг муҳим кучдир. Партиямизнинг Ҳаракат дастури эса бу борада биз учун дастуруламалдир, десам муболаға бўлмайди.

Дастур партиямизнинг, депутатларимизнинг барча ғоя ва мақсадларини ўзида мужассам этгани билан аҳамиятли. Шунинг учун ҳам унда белгиланган вазифалар ҳаммамизга манзур бўлди.

Халқ депутатлари Андижон вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига Халқ демократик партиясидан 103 нафар депутат сайланди. Бу катта куч дегани. Зотан, маҳаллий Кенгаш назорат органи ҳисобланади. Депутатларни халқ сайлайди.

Шахсан ўзим депутатлик фаолиятимнинг илк кезларида халқ вакили бўлишнинг масъулиятини, вазифаларини англаб олишга ҳаракат қилдим. Ишни одамларга, жамиятга яқинлашишдан бошладим.

Яқинда депутатлик гуруҳи йиғилишида партиямизнинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурини ижро этиш масаласини муҳокама қилдик, вазифаларни белгиладик. Ҳар бир депутат сайлов округи бўйича, сайловчилар хоҳиш-иродаси, шаҳар ва қишлоқлардаги реал ҳолат бўйича таклифларини билдирди. Изчил депутатлик назоратини олиб бориш бўйича режа тасдиқланди.

Масалан, партиямизнинг Ҳаракат дастурида вилоятларнинг кўп тармоқли тиббиёт ва тиббий диагностика, болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ҳамда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларини замонавий тиббиёт техникаси ва технологиялари ҳамда тегишли мутахассислар билан таъминлаш бўйича дастур қабул қилиш вазифаси белгиланган. Партия гуруҳлари ҳар бир ҳудуднинг эҳтиёжларини ўрганиб, тегишли давлат дастури ҳамда ҳудудий дастурларини тасдиқлаш ва амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши керак. Бу фуқароларимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, уларнинг саломатлигини асраш, касалликларни вақтида аниқлаш имконини беради. Шу жиҳатдан олиб қарасак, ушбу вазифанинг аҳамияти нечоғлик муҳимлиги ойдинлашади.

Ҳар бир депутат Ҳаракат дастурида белгиланган мақсад ва вазифалар моҳиятини, аҳамиятини чуқур ҳис қилиши керак, деб ўйлайман. Энди тасаввур қилинг, ҳар бир туман, шаҳар, вилоятнинг қанчадан-қанча депутати, халқ сайлаган вакиллари бор. Ҳамма юраги ёниб ишласа, ишончни оқлаш учун беҳаловат бўлса, қанчадан-қанча мурожаатлар ҳал бўлади, одамларни ўйлантираётган кўпдан-кўп масалалар ечилади. Шундай масалалар борки, вақт ҳам, катта маблағ ҳам талаб этмайди. Шунчаки эътиборнинг ўзи ҳал қилиш учун етарли. Фақат депутат сайловчилари учун жон куйдирса, бас.

 

Дурбек АБДУРАҲМОНОВ,

халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш