Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2003 йил 21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ, 2004 йилдан бошлаб 9 декабрь «Бутунжаҳон коррупцияга қарши курашиш куни» сифатида нишонлаб келинмоқда.
Коррупция дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан биридир. Бу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши курашиш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан жой олди.
Хусусан, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни ҳамда бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар дастуруламал бўлиб келмоқда.
«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун мақсади ушбу соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, унда «коррупция», «коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик», «манфаатлар тўқнашуви» каби асосий тушунчаларга изоҳ бериш билан бир қаторда, коррупцияга қарши курашишнинг муҳим принциплари ҳам қайд этилган. Айни чоғда жамиятни таназзулга олиб келувчи бу иллатга қарши курашиш борасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ваколатли органлар тизими, ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг мазкур соҳадаги иштироки, жазо муқаррарлиги ва бу борада халқаро ҳамкорликни таъминлаш каби чоралар мустаҳкамлаб қўйилди.
Қонуннинг 3-моддасига кўра, коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, бу турдаги ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, унга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш коррупцияга қарши курашишда давлат сиёсатининг устувор йўналишлари саналади.
Коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш учун махсус давлат органи ташкил этилиб, бу борадаги давдат сиёсатининг институционал асослари такомиллаштирилгани яна бир аҳамиятли жиҳатдир. Яъни, Президентимизнинг 2020 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, Коррупцияга қарши кураш агентлиги ташкил этилгани бу йўлда муҳим қадам бўлди. Агентлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари, вазифа ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилашда халқаро нормаларни илгари сурган ҳолда хорижий тажриба атрофлича ўрганилди. Унинг энг мақбул жиҳатлари Президентнинг мазкур Фармонида тўлақонли акс эттирилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари ташкил этилди.
Албатта, тараққиётга ғов бўладиган бу иллатга қарши курашиш бутун жамиятдан «ҳалоллик вакцинаси билан эмланиш»ни тақозо қилади. Чунки, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди.
Бугун жамиятимизда коррупцияга қарши муросасиз муҳитни яратиш жамоатчиликнинг кенг иштирокида амалга оширилмоқда, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тизими тубдан такомиллаштирилиб, Президентнинг Халқ ва Виртуал қабулхоналари, «Ишонч телефони» ҳамда ҳар бир вазирлик ва давлат идораларининг «ишонч телефонлари», «виртуал қабулхоналари» ташкил қилиниб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида барча даражадаги давлат раҳбарларининг «сайёр қабуллар»ни ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Бу эса муаммолар ечимини топишда очиқлик принципларига асосан коррупциянинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб «Аксилкоррупция ойлиги»ни ўтказиш яхши анъанага айланганини ҳам айтиб ўтиш ўринлидир. Ойлик доирасида вазирлик ва идоралар, таълим муассасаларида «Очиқ эшиклар куни» тадбирлари ташкил этилмоқда.
Жумладан, ЎзХДПдан халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашига янги сайланган депутатларимиз билан ҳудуддаги ташкилот ва идораларда коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш масалаларига бағишланган давра суҳбатларини, Маънавият соатлари ва бошқа шаклдаги тадбирларни ўтказишга киришганмиз. Ҳар бир ташкилот ва идорада йўлга қўйилган «Очиқ эшиклар куни» эса улар фаолиятининг очиқлигини таъминлашга, жамоатчилик билан шаффоф муносабатларни қарор топтиришга хизмат қилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш аслида ҳар биримиздан қонун талабларига бўйсуниб яшашни, ҳалолликни талаб қилади. Ҳалоллик – бу қалб поклиги ва хотиржамлиги, маънавий етуклик ўзагидир.
Феруза РАҲИМОВА,
халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати,
ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари.