Куни кеча Президентимиз раислигида яна бир ўта муҳим масала муҳокама қилинди. Банклар иштирокида маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилишга қаратилган устувор вазифаларга қаратилган видеоселектор йиғилишида оғир туманларда ишсизликни камайтириш масаласига алоҳида ёндашилди. Уларга бошқа ҳудудлардан тажрибали тадбиркорлар жалб қилиниб, лойиҳалари учун енгил кредитлар ҳамда инфратузилмасига қўшимча маблағ ажратилиши таъкидланди. Шунинг ўзи 1 миллион 300 минг аҳолини даромадли қилиш имконини беради.
Шунингдек, банклар олдидаги муаммолар ҳам таҳлил қилиниб, ҳал этиш чоралари кўрилди. Масалан, банклар балансида 3 мингта ҳаракатсиз мулк бор. Улар сотилса, қўшимча ресурс ва 150 мингта иш ўрни учун захира пайдо бўлади. Шу боис банкларга ҳаракатсиз мулкларни бозор қийматида тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилиши белгиланди.
Банкларни кичик кўринишини маҳаллаларда ташкил қилиш борасидаги амалиёт ҳам яхши натижа беради, деб ўйлайман. Бунда туман ҳокимлари лойиҳани жой ва инфратузилма билан таъминлаш мажбуриятини олади, банклар эса тадбиркорлар лойиҳаларига кўмаклашади, муаммоси бўлса, ҳал этади, ишсизларни бизнесга жалб қилади. Банкларни маҳалла тизимига кириб бориши, улар билан тўғридан тўғри ишлаши ортидан мамлакатимизда ишсизликни қисқартириш, аҳолининг меҳнатга лаёқатли қатлами бандлигини таъминлашда ўзини ўзи банд қилиш, томорқалардан унумли фойдаланиш, олис ва чекка ҳудудларда ҳам хизматларни ривожлантиришга олиб келади, чунки тўғри йўналтирилган маблағ, аҳоли даромадларини ошишига хизмат қилади.
“Аёллар дафтарига” киритилган, лекин кўмак ва интилиш туфайли тадбиркорга айланган паркентлик Фотима Боева бунга аниқ бир мисол бўла олади. Фотима Боеванинг Президент билан мулоқоти ҳудуддаги хотин-қизларга, тадбиркорлигини энди бошламоқчи бўлган аёлларга мотивация берди. Фотима Боева қандай қилиб камбағалликдан ўрта даромадли оилага чиққани, ўзига ўхшаган бошқа аёлларга иш ўрни очгани, бу натижага банкнинг ёрдами билан эришгани ҳақида батафсил айтиб берди. Бу эса “Аёллар дафтари” тизими билан бирга, банклар томонидан ажратилаётган маблағларнинг самарали натижаси ҳамдир.
Умуман олганда, йиғилишда муҳокама қилинган масалалар, белгиланган вазифаларнинг аксарияти бевосита аҳолининг ижтимоий муаммоларини ҳал этишга қаратилгани, бунга қўшимча маблағлар йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. Президент томонидан билдирилган таҳлиллар, танқидий фикрлар, белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, ўз олдимизга вазифалар белгилаб олишимиз зарур.
Шу ўринда, камбағалликни қисқартириш барчамизнинг биринчи навбатдаги ҳаракатимизга айланиши керак. Бу масалани фақат пул тарқатиш, нафақа тўлаш билан ҳал қилиб бўлмайди. Самарали ечим камбағал оила аъзоларини ўқитиш, касбга ўргатиш ва иш билан таъминлаш каби муҳим ташаббуслар билан боғлиқ. Ҳар бир депутат, халқ вакили долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўрганувчи, кузатувчи эмас, аксинча, масъулиятни зиммасига олиб, жараённинг ичида юрадиган фидойига айланиши муҳим. Халқимиз, сайловчиларимиз бизга ишониб овоз берган экан, бу ишончни оқлаш ҳар бир депутат учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Муҳсиддин Низомиддинов,
ЎзХДП Марказий Кенгаши Ёшлар сектори раҳбари,
Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати.