Имкониятлар олами
Имкониятлар олами

 

Ногиронлиги бўлган ёшлар салоҳиятига эътиборЎзбекистоннинг инсонпарвар йўли

Инсон қадри – Янги Ўзбекистон тараққиётининг бош мезони. Бу мезон амалда ҳар бир соҳада ўз ифодасини топмоқда. Ижтимоий ҳимоя тизимини тубдан янгилаш, ногиронлиги бўлган фуқаролар учун ҳаёт сифатини яхшилаш, уларни жамиятнинг фаол иштирокчисига айлантириш – бугунги ислоҳотларимизнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Шу маънода, Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан йўлга қўйилган “Орзулар дунёси” тасвирий асарлар танлови ҳамда ижтимоий ярмаркаси замонавий фаоллик, давлат ва жамият ҳамжиҳатлигида амалга оширилган намунавий лойиҳа бўлди.

 

Ҳаётга муҳаббат

Аввало, ушбу акция ногиронлиги бўлган ёшларнинг истеъдоди, меҳнатсеварлиги ва ҳаётга муҳаббатини кенг жамоатчиликка намоён қилиш имконини берди. Танлов ва ярмаркадан кўзланган мақсад – ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг қобилиятини намоён этиш, уларни рағбатлантириш ва реал имконият эшикларини очишдир.

Айтиш керакки, сўнгги йилларда бу тоифадаги ёшлар билан ишлашга нисбатан тамоман янги ва инсонпарвар ёндашув шаклланмоқда. Уларга нафақат кўмак, балки тенг ҳуқуқли фуқаро сифатида имконият яратиш – давлат сиёсатининг асл моҳиятига айланди. Бу тоифа вакиллари орасида тасвирий санъат, қўл меҳнати, бадиий асарлар яратиш, дизайн ва ижод соҳаларида улкан салоҳият эгалари бор.

Бироқ уларнинг қобилиятини намоён этиш, уни тан олиш ва оммага кўрсатиш имконияти ҳар доим ҳам мавжуд эмас. Мана шу жиҳатни ҳисобга олган ҳолда, партия ташаббуси билан бутун республика бўйлаб амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

 

Камчиликлар нима эди?

Соҳадаги муаммолардан бири – ижтимоий инклюзиянинг тўлиқ шаклланмаганидир. Яъни, ногиронлиги бўлган ёшлар кўп ҳолларда ижтимоий ҳаётдан узилган, ўзининг имкониятларини намоён этиш учун омма олдига чиқа олмайди. Ижод намуналарини намойиш этиш, моддий ва маънавий қўллаб- қувватлаш тизими етарли эмас. Бу нафақат ёшларнинг ишончига, балки жамиятдаги муносабатларга ҳам таъсир қилади.

Муаммоларга амалий ёндашув эса масаланинг энг муносиб ва самарали ечими саналади. Чунки тан олишимиз керак бўлган бир ҳақиқат бор. Ногиронлиги бўлган ёшлар кўпинча ижтимоий ҳаётдан четда қолади, ўз қобилиятини намоён этиш учун эса минбар тополмайди. Улар томонидан яратиладиган маҳсулотлар, асарлар тижоратлаштирилмайди, меҳнати қадрланмайди. Бу эса уларнинг жамият ҳаётига мослашишига тўсиқ бўлиб келмоқда. Бугун бу ёндашув бутунлай ўзгарди.

“Орзулар дунёси” ана шу ўзгаришнинг амалдаги ифодаси бўлди.

 

Қамров ва иштирок

Сарҳисоб қилинган ишлар натижасини кўрсатади. Шу боис рақамларга тўхталишни истардим. Масалан, акция доирасида 14 та ҳудудда ўтказилган тадбирларда 552 нафар ногиронлиги бор ёшлар ўзларининг 3 800 дан ортиқ ижодий ва амалий асарлари билан фаол қатнашди. Бу жараёнда ташкил этилган ярмарка ва аукцион савдоларида 6 мингга яқин фуқаро иштирок этди.

Ушбу рақамлар – фақат статистика эмас. Бу – юзлаб орзуларнинг, юзлаб истеъдодларнинг, юзлаб инсонларнинг ҳаётга янада боғланиши, юракдан қилган меҳнатига “қадринг бор” деган жавобни эшитган лаҳзасидир. Бу ишонч, руҳий қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ёндашув намунасидир. Ҳар бир ёшнинг кўзида “мен ҳам керакман” деган ишончни кўриш мумкин эди. Айрим маҳсулотлар шундоқ ёрқин, сифатли тайёрланганки, улар иштирокчиларнинг диққатини тортди, сотиб олинди, ҳатто тижорат таклифлари берилди.

Яна бир муҳим жиҳат – уларнинг меҳнатини жамият кўрди, қадрлади, тан олди.

 

Ижод, ишонч ва имкониятларга йўл очилди

“Орзулар дунёси” акцияси ногиронлиги бўлган ёшлар учун нафақат ижодий, балки иқтисодий ва руҳий-маънавий жиҳатдан ҳам катта имконият эшигини очди. Лойиҳа якунида қуйидаги аниқ натижаларга эришилди.

Биринчидан, ёшлар ўз маҳсулотларини реал бозорга олиб чиқиш имконига эга бўлди. Айрим асарлар сотилди, буюртмалар қабул қилинди, даромад келтирди.

Иккинчидан, руҳий-маънавий тикланиш ва ижтимоий фаоллашув кучайди. Натижада, акцияда иштирок этган ёшларнинг аксарияти ўзларига бўлган ишонч, масъулият ҳиссини кучайтирди. Улар жамоат тадбирларида, маҳалла фаолиятида, ижтимоий тармоқларда фаоллашди – “мен ҳам керакман” туйғуси кучайди. Психологик қўллаб-қувватлаш гуруҳлари орқали эътибор ва муносабатга эга бўлди.

Учинчидан, жамиятда ижобий муносабат шаклланди. Фуқароларнинг ушбу тоифага нисбатан янги, конструктив муносабати шаклланди. Аҳоли орасида “истеъдод имконият талаб қилади” деган тушунча мустаҳкамланди.

 

Ҳеч бир орзу беэътибор қолмайди

“Орзулар дунёси” – бу шунчаки кўргазма эмас. Бу инсон салоҳиятига эътибор, ногиронлиги бўлган ёшларга тенг ҳуқуқли майдон яратиш, инсон қадрини ҳар бир амалда намоён этишга йўналтирилган ҳаракатдир.

Зеро, ҳар бир фуқаро жамият аъзоси. Унинг қайси тоифага мансублигидан қатъий назар, ҳар бири учун зарур муҳит, имкон ва кафолат бўлиши шарт. “Орзулар дунёси” – ана шу фалсафанинг ҳаётга татбиқ этилган намунасидир.

Бу лойиҳа ногиронлиги бўлган ёшларнинг фаол ҳаётга қадам қўйишига кўмаклашган, уларга қўл узатган, салоҳиятини очиб берган муҳим ижтимоий платформа вазифасини ўтамоқда. Бугун уларнинг нафақат курашувчан ҳаётий позицияси билан, балки ижодий кураши, меҳнати, ватанга муҳаббати билан танишмоқдамиз. “Орзулар дунёси” – бундай ёшлар учун имкониятлар эшигини очган воқеаликдир.

 

Аброр ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

«Ўзбекистон овози», 16.7.2025, №28

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш