Бюджет ижросидаги сусткашликлар ижтимоий муаммолар кўпайишига олиб келади

 

2020 йил 9 ойлик якунлари бўйича Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳукумат ҳисоботи Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида танқидий ва таҳлилий муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, пандемия билан боғлиқ мутлақо кутилмаган ва мураккаб вазият молиявий қийинчиликларни келтириб чиқарди. Жаҳон иқтисодиёти ривожланиши секинлашуви мамлакатимиз иқтисодиётига, давлат бюджети ижроси билан боғлиқ кўрсаткичларга ҳам салбий таъсир кўрсатди.

Аҳоли саломатлигини ҳимоялаш, жамиятдаги ижтимоий барқарорликни сақлаш пандемия давридаги энг асосий вазифага айланди. Давлатимиз бу ўта муҳим вазифани муваффақиятли бажариб келмоқда, жамиятимизда, соҳа ва тармоқларда ижтимоий барқарорлик таъминланмоқда.

Жорий йил 9 ойда Давлат бюджети даромадлари 94 трлн. 457,2 млрд. сўмни ташкил этган бўлса, харажатлар (давлат мақсадли жамғармаларисиз) 102 трлн. 164,8 млрд. сўмга етган. Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун умумий харажатларнинг 52,5 фоизи сарфланган. Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилгани Халқ демократик партияси дастурий мақсадларига тўлиқ мувофиқ келади.

Фракция аъзолари муҳокамалар жараёнида ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағларнинг қанчалик самарали сарфлангани масаласига алоҳида эътибор қаратди. Ҳисобот даврида ўтказилган назорат тадбирлари давомида 129,1 млрд. сўм камомад ва асоссиз харажатлар аниқлангани кескин танқид қилинди.

Бюджет ижросида камомад ва асоссиз харажатлар, мақсадсиз сарфлашлар йилдан йилга камайиш ўрнига кўпаймоқда. Бу Давлат бюджети ижроси бўйича амалдаги молиявий назорат тизими самарасиз ишлаётганигини кўрсатмоқда.

Бунинг асосий сабаби бу борада ягона қонун йўқлиги, ҳуқуқий асос мустаҳкам эмаслигидадир. Давлат молиявий назорати тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш масаласи давлат дастурида кўзда тутилган эди, турли сабаблар билан ижро муддати кечиктирилди, лекин барибир, қолиб кетмоқда. Қонун бўлмаса, молиявий назорат тизими замон талаблари даражасида ишлаши мумкин эмас, деб ҳисоблаймиз.

Фракциямиз давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси муҳокамасига ҳам алоҳида эътибор берди. Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг ҳисобот даврида харажатлар режаси 542,4 млрд. сўм бўлиб, 340,3 млрд. сўм яъни, 63 фоизга ижро этилган.

Ичимлик сув таъминоти ва оқава хизматини яхшилаш учун белгиланган 1 трлн. 953 млрд. сўмлик режанинг 1 трлн. 254 млрд. сўми, яъни 64 фоизи ишлатилган. Ваҳоланки, бугунги кунда чекка ҳудудларимизда ичимлик суви таъминоти энг катта муаммолардан ҳисобланади.

Маълумки, мақсадли жамғармалар соҳалардаги вазиятни ўнглаш, тармоқлар ва фуқароларга молиявий ёрдам бериш мақсадида ташкил этилган. Уларнинг бюджетлари ижросидаги сусткашликлар жойларда ижтимоий муаммолар ҳал этилмай қолиши, энг ёмони, янада кўпайишига олиб келади.

Фракциямиз ижтимоий соҳалардаги муаммоларни ҳал этиш асосий вазифаси бўлган вазирлик ва ташкилотлар томонидан бундай хато- камчиликларга ҳамда совуққонликка йўл қўйилганини муроса қилиб бўлмайдиган ҳолат, деб ҳисоблайди.

Фракциямиз аъзолари Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси ҳақидаги ахборот ва маълумотлар соҳа ҳамда тармоқлар даражасида очиқ бўлмаса, парламент, жамоатчилик назоратига механизм яратилмаса, бюджет ижроси билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиб бўлмайди, деган қатъий позиция билдиришди.

Ҳукумат соати доирасида камбағалликни қисқартириш бўйича давлат бюджети ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳалар ва уларнинг натижалари бўйича Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳисоботини эшитиш таклифи берилди.

Фракциямиз йиғилишидаги муҳокамаларда депутатлар ҳукумат вакиллари, вазирлик ва идоралар мутасаддиларига бандлик, соғлиқни сақлаш, миграция, таълим, молия-иқтисодиёт бўйича 10 дан ортиқ манзилли саволлар беришди. Айрим саволларга умумий мазмунда жавоб берилгани депутатлар эътирозига ҳам сабаб бўлди.

Бюджет ижроси ҳақидаги муҳокамаларда яққол сезилдики, вазирликлар ўртасида хабардорлик муҳити етишмайди, айрим маълумотларда номувофиқликлар келиб чиқди, бу камчиликлар ҳукуматдан Бюджет ижроси бўйича вазирликларнинг масъулиятини ошириш зарурати кучайганини кўрсатади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, фракциямиз ҳисоботда қайд этилган бюджет ижросидаги камчиликларни келгусида бартараф этиш мақсадида, авваламбор, бюджет ижросига нисбатан танқидий ёндашувни кучайтириш, масъул вазирлик-идоралар раҳбарлари зиммасига шахсий жавобгарликни юклаш, ҳукумат эса юзага келган салбий ҳолатларни чуқур таҳлилдан ўтказиши, очиқ ва таъсирчан чоралар кўриши зарур, деб ҳисоблайди.

Давлат бюджетида режалаштирилган маблағларнинг тушуми ҳамда уларнинг самарали ишлатилиши юзасидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини янада кучайтириш лозим.

Энг муҳими, ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағлардан тўғри фойдаланиш ва унинг натижадорлигига эришиш зарур. Ушбу вазифа партиямиз учун принципиал аҳамиятга эга.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Халқ демократик партияси фракцияси 2020 йил 9 ойлик якунлари бўйича Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни қўллаб-қувватлайди ҳамда барча депутатларни маъқуллаб овоз беришга чақиради.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари.

www.uza.uz

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш