Қирғизистон билан дўстлик ришталари мустаҳкамланади

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифи ҳамда икки давлат Президентларининг учрашувлари икки халқнинг дўстлиги, қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга, турмуш фаровонлигининг юксалишига хизмат қилади.

Кейинги йилларда Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди, ҳамкорлик кўлами барча йўналишларда кенгайди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари Қўшма баёнот қабул қилдилар. Шунингдек, икки мамлакат вазирликлари ва ҳудудлари раҳбарлари имзоланган ҳужжатлар билан алмашдилар. Ташриф доирасида кўп қиррали Ўзбекистон-Қирғизистон шериклигининг деярли барча йўналишларини қамраб олган 22 та ҳужжат имзоланди.

Қарийб 50 та қўшма лойиҳани амалга ошириш назарда тутилган Саноат кооперациясини кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси, Ўзбекистон-Қирғизистон Инвестиция фондини ташкил этиш тўғрисидаги битим, электр энергиясини ўзаро етказиб бериш, Қирғизистонда гидроэнергетика объектларини қуриш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидан.

Таъкидланганидек, “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўлининг қурилиши стратегик аҳамиятга эга. Мазкур йўлнинг барпо этилиши икки мамлакат манфаатларига тўлиқ мос келиши, минтақанинг транзит салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилиши алоҳида эътиборга молик.

Маълумки, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари қардош халқларимиз фаровонлигига ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Андижон ва Ўш, Наманган ва Жалолобод, Фарғона ва Боткен, Норин вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича «йўл хариталари» ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Азал-азалдан икки қўшни халқ ўртасида қариндош-уруғлик ришталари ҳам боғланиб кетганлиги хеч кимга сир эмас. Ҳозир Ўзбекистонда 300 мингга яқин қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилади. Уларнинг ўз маданияти, тили, анъана ва урф-одатларини ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилган. 6 та қирғиз миллий маданий маркази фаолият кўрсатмоқда, 56 мактабда таълим қирғиз тилида олиб борилади.

Шундай экан, кўп асрлар давомида ўзаро шаклланган дўстлик ва ҳамкорлик ришталари олий даражадаги учрашувлар билан янада мустаҳкамланаверсин.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш