Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев бошчилигида 2020 йил 15 октябрь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилиши баёнининг 3-банди ижросини таъминлаш мақсадида Ер кодексининг янги таҳрири қайта ишлаб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилишидан аввал депутатлардан дастлабки фикр-мулоҳаза ва таклифларни олиш учун ЎзХДП фракцияси йиғилишида муҳокама этилди.
Янги таҳрирдаги Ер кодекси лойиҳасига 63 моддада янги меъёрлар киритилиши кўзда тутилмоқда. Жумладан, ер участкаларига бўлган мулкчилик, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари, ер участкаларини бериш (сотиш) тартиби бўйича 14 та моддада, ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ҳамда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни чеклаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини бекор қилиш бўйича ҳам 14 та моддада янги меъёрлар қўшилмоқда.
ЎзХДП фракцияси аъзолари мамлакатда инвестициявий фаоллик ортаётган, фуқароларнинг иқтисодий фаолият доираси кенгаяётган ҳозирги даврда Ер кодексини янгилаш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди. Шу билан бирга, халқ ва давлатнинг асосий фаровонлик манбаси бўлган ер ресурсларини тасарруф этишда қонун ва халқ манфаатлари устуворлигини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Депутатлар кодекс лойиҳасини кўриб чиқишда ер участкаларини фойдаланишга бериш ва олиб қўйиш билан жараёнларнинг шаффофлигини ошириш, ижтимоий адолат тамойилларига риоя этиш масаласига алоҳида эътибор қаратишди.
Кодекс лойиҳасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг ер муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари асосан ер участкаларини фойдаланишга ёки ижарага бериш ёхуд сотишдан иборат тарзда белгиланмоқда.
Халқ депутатлари Кенгашларининг ер муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари эса асосан ер участкаларини олиб қўйиш жараёнлари билан боғлиқ бўлмоқда.
ЎзХДП фракцияси аъзолари бу борадаги меъёрларни яна бир бор таҳлилдан ўтказиш кераклиги, кейинчалик амалиётда мунозарали вазиятлар юзага келиши мумкинлигини ҳам ҳисобга олиш зарурлиги ҳақида таклиф билдиришди.
Депутат Мақсуда Ворисова масъулларга ер участкалари билан боғлиқ муносабатлардаги чигал вазиятлардан мисоллар келтириб, кодекснинг янги таҳририда уларни эътибордан четда қолдирмаслик керак, деган қатъий фикрни билдирди.
Мисол учун, давлат тиббиёт ташкилоти ҳудудидаги ер майдонларида турли хил хизмат кўрсатиш объектлари қурилиши ҳолатлари кузатиляпти. Айрим ҳокимлар давлат ташкилоти тасарруфидаги ерни тадбиркорга бериб юборяпти, ҳатто баъзи ҳолларда қарор ҳам чиқариляпти. Бундай ҳолатлар эртага муаммоларни кўпайтириши турган гап, дея таъкидлаган депутат.
Муҳокама жараёнида депутатлар яна бошқа таклиф-мулоҳазаларни ҳам билдиришди. Масъул ишчи гуруҳ улар чуқур ўрганилиши, натижалар ҳақида ахборот берилишини маълум қилди.
ЎзХДП фракцияси йиғилишида яна бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилиб, электорат манфаатларига қаратилган қарорлар қабул қилинди.