Давлатнинг меҳри ҳар бир ҳудуддан 100 нафар қиз бепул таҳсил олади
Давлатнинг меҳри ҳар бир ҳудуддан 100 нафар қиз бепул таҳсил олади

 

Ҳаётда ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар билан мураккаб, умидсиз вазиятга тушиб қолган оналар, хотин-қизларга ҳар томонлама мадад бериляпти. Аёл, она ўқимишли бўлса, қийин вазиятлардан чиқиб кетиш йўлини топа олади. Фарзандларини ҳам тўғри тарбиялайди. Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар ва боқувчиси йўқ ёлғиз аёллар олий таълим олишини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори мазмуни, аҳамиятини тушуниш осон. Бу ҳужжат орқали эҳтиёжманд қизлар ёки боқувчиси йўқ аёлларнинг орзулари ушаладиган бўлди.

 

Муқаддас ЎРОЗАЛИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Қизиқиши бўла туриб, ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар билан контракт асосида ўқий олмайдиган қизлар оз эмас. Энди ота-онасидан айрилганларнинг ҳолатини тасаввур қилиб кўринг…

Қарорда эътиборимни тортган жиҳати, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳар йили 100 нафардан хотин-қизлар учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан “шартнома пуллари” тўлаб берилиши белгиланган. Бу олий маълумотли, қўлидан иш келадиган, кенг дунёқарашли оналар сони ҳар йили ҳар бир ҳудудда ортади, дегани.

Қарор асосида белгиланган низомда тўлаб бориш бу қай тартибда амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган. Яъни, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, ҳар йили ўзларининг ҳудудларидан ўқишга кирган 25 нафардан ҳамда 2-3-4-босқичларда таҳсил олаётган 75 нафар хотин-қизнинг базавий тўлов-контракт суммасини ўқишни битиргунига қадар тўлаб беради.

Молиявий барқарор (бюджетдан ташқари тўлов-контракт маблағлари бўйича бирламчи харажатлар қоплангандан сўнг қолдиқ маблағларга эга) давлат олий таълим муассасалари томонидан уларнинг кенгашлари қарорига мувофиқ, 50 нафаргача хотин-қиз биринчи ўқув йилида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан бепул ўқиши ҳам қайд этилган. Бунда талабгорларнинг иккинчи ва ундан кейинги ўқув йиллари учун ўз ҳудудларидаги тижорат банклари томонидан таълим кредитлари расмийлаштирилади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ўз ҳудудларидаги талабгорлар учун учинчи шахс кафиллигини беради ҳамда ўқишни тамомлагандан сўнг уларни иш жойи билан таъминлайди.

Эшитган қулоққа бу жуда ҳам ёқимли. Пул тўлаб ўқишга имконияти йўқ шунча одам таҳсил олибгина қолмай, ишли ҳам бўлади. Эътиборлиси, бу тизим ишга тушди. Жойларда шартнома маблағлари тўлаб берилмоқда. Опа-сингилларимиз бундай қулай имкониятдан унумли фойдаланиб, оила ва жамиятга нафи тегадиган кадр бўлиб етишади, деб ишонамиз.

 

Ойбарчин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Қарор яхши, унда белгиланган вазифалар ҳам кўпчиликка манзур. Айнан кимларга тўлов-шартнома пуллари тўлаб берилади, деган савол туғилади.

Ҳукумат қарорида аниқ кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, талабгорларни танлаб олиш қатор мезонлар асосида амалга оширилади. Хусусан, тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган муҳтож қизлар ва боқувчиси йўқ эҳтиёжманд ёлғиз аёлларга эътибор қаратилади.

Бунинг учун олий таълим муассасасига кириш учун топширилган тест имтиҳонлари (касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) натижаларига кўра базавий тўлов-контракт асосида қабул қилинганлар маълумотномаси талаб этилади. Шунингдек, 2-3- ва 4-курсларда таҳсил олаётган ва қарор мезонларига мос келувчи хотин-қизлар тест натижалари эълон қилинган кундан бошлаб ижтимоий ҳолати тўғрисидаги ҳужжатни ҳар йили 10 календарь кун ичида олий таълим муассасаси қабул комиссиясига тақдим этади.

Талабгорларга туғилганлик ҳақидаги ва ота-онаси ёки уларнинг бири вафот этгани тўғрисида ўлим гувоҳномаларининг нусхалари керак бўлади. Ёлғиз оналар эса ёлғизлигини тасдиқловчи маълумотномага эга бўлиши лозим.

Ҳар битта давлат олий таълим муассасаси белгиланган мезонлар асосида талабгорлар рўйхатини шакллантириб, уларнинг доимий яшаш жойи бўйича ҳокимликларга ёзма равишда маълумотларни юборади. Бунда келтирилган мезонлардан бири асосида давлат олий таълим муассасасига ўқишга тавсия этилган ва таҳсил олаётган талабгорлар рўйхати таҳлил қилиниб, 5 календарь кун мобайнида тегишлилиги бўйича ҳокимликларга бакалавриат таълим йўналишлари ва ўқув йили учун тўлов-контракт миқдорлари аниқ кўрсатилган ҳолда давлат олий таълим муассасалари томонидан тақдим этилади.

Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг олий таълим олишларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш комиссияси аъзолари томонидан талабгорлардан 100 нафарини танлаб олишда биринчи навбатда уларнинг ижтимоий ҳолати, эҳтиёжмандлиги, тўплаган баллари, ҳудудлардаги таълим йўналишлари бўйича кадрларга бўлган эҳтиёж ҳамда таҳсил олаётган босқичлари инобатга олинади.

Ҳокимликлар томонидан тавсия этилмаган талабгорларга нима бўлади? Ҳукумат қарорида бу масала ҳам назарда тутилган. Давлат олий таълим муассасалари молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, ўзларининг кенгашлари қарори билан танлаб олинган 50 нафаргача бўлган хотин-қизларни биринчи ўқув йилида бюджетдан ташқари тўлов-контракт маблағлари ҳисобидан бепул ўқитишни таъминлайди.

Коррупциянинг олдини олиш, таниш-билишчиликка йўл қўймаслик, асосийси, имкониятлардан ҳақиқий муҳтожлар фойдаланиши учун ижро механизми тўғри йўлга қўйилиши керак. Жараён очиқ тарзда, жамоатчилик вакиллари ҳамда депутатлар иштирокида амалга оширилса, нур устига нур бўларди, деб ўйлайман.

 

“Ўзбекистон овози” мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 23.02.2022, №8

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш