Бошқарувда нима муҳим: яхши раҳбарми ёки яхши тизим?
Бошқарувда нима муҳим: яхши раҳбарми ёки яхши тизим?

 

Бу саволга жавоб турлича бўлишини билсамда сарлавҳада уни бежиз кўндаланг қўймадим.

5-6 йилдан бери Халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида қурилишни назорат қилиш инспекцияси (ГАСИ) раҳбари ҳисоботини эшитамиз, аммо соҳада бирор натижага эриша олмаймиз. Ҳар гал баҳона бир хил – “кўп ҳолда ваколатимиз етмайди”, “ўрганамиз, чорасини кўрамиз”. Бироқ бу идора ташаббуси билан қурилиш, лойиҳа сифатида кескин ўзгариш бўлганини кўрмадик. Чунки сифат назорати инспекцияси қурилиш вазирлигига қарайди, яъни ўз камчилигини очишдан манфаатдор эмас.

Кейин, беш йилда бу идорада учта раҳбар алмашди, уларнинг бирортаси ҳам соҳада камчиликларни йўқота олмади, чунки тизим шунақа: камчиликни кўрсатса – вазирга, кўрсатмаса – ҳокимга ёмон кўринади. Энг ёмони, вазир уни бир кунда, битта гап билан ишдан олиши мумкин.

Деярли барча соҳалардаги назорат инспекциялари ҳақида шундай дейиш мумкин. Бу лавозимларда қанчалик илмли, жасоратли киши ишламасин, тизим талабига бўйсунишга мажбур. Демак қонунчиликда бунга эътибор бериш зарур.

Бошқарув тизимининг мураккаблиги шундаки, у ҳаммага бирдек ёқмайди. Чунки барча соҳада фидойи ва боқибеғам, маҳоратли ва маҳоратсиз кишилар бўлади. Уни фақат қонун ва талаб устуворлиги барқарор ушлаб туради. Раҳбарликка келаётган кишида аввало унга ўзининг тайёрлигига ишонч бўлсин. Эгаллаган лавозимидан кетиши ҳам мумкинлигини ҳис қилсин.

Бошқарув тизимининг асосий талаби ҳар кимнинг вазифасини аниқлаб бериш ва унинг ижроси учун ҳар кимда масъулиятни ошириш. Масъулият эса баҳолаш лозим бўлсагина ошади. Яъни, ҳар ким ўз ишини қилсин. Ваҳоланки, бизда йиллар давомида номаъқул анъана шаклланди: мактаб директори ҳашарга, ректорлар пахтага, ташкилот раҳбарлари ғаллага жавоб беришди. Сал хатоси учун ишдан ҳам кетишди.

Бошқарув – жамоавий жараён. Унинг ҳар бир участкаси бирдек ишлаши лозим. Механизм шундай яратилиши керакки, ҳар бир участкага баҳо бериш мезони бўлсин. Акс ҳолда... биз ташкилот раҳбари ва ҳокимни, тармоқ раҳбарини ишдан оламиз, лекин хатога имкон яратган ўринбосари, бўлим бошлиғи ёки ходим жойида қолаверади. Эҳтимол, бундай пайтда демократик услуб – фақат ҳокимга эмас, балки етакчи тармоқлар раҳбарларига ҳам истеъфо бериш керакдир. Айтайлик, барча ўринбосарлар, молия, солиқ идоралари раҳбарларига ҳам.

Бинобарин, бу усул секторлар мисолида синаб кўрилди ва ёмон натижа бермади. Тўртта сектор раҳбари бир-бирини қўллаб келаётган жойлар йўқ эмас.

 

Секторлар бошқарувга нима берди?

Бундан мақсад бошқарув тизимини қуйи бўғинга тушириш, муаммоларни қишлоқма-қишлоқ, маҳаллама-маҳалла ўрганиш ва ҳал қилиш эди. Бунга муайян даражада эришилди. Сектор штаблари қишлоқда ҳокимиятдан кичик, маҳалладан катта, одамлар борадиган идорага айланди.

Асосийси, йиллар давомида шаклланган иллат – ҳокимият, прокуратура, солиқ идораларининг бир-бирини тан олмаслик, айбни бир-бирига тўнкаш амалиётига чек қўйилди. Улар вилоят, шаҳар, туман, аниқроғи халқ тақдири учун, муаммо ечими учун барчаси биргаликда масъул эканини тушуниб етдилар, бир-бирига халақит беришдан тийилдилар. Бу бор гап. Лекин назаримда, бу тизимнинг турмушимизга сингиб кетиши мушкулга ўхшайди. Бу фикрни амалиётдан келиб чиқиб айтяпман. 

Биринчидан, тўртта идоранинг ҳам анъанага айланган, шууримизга сингиб кетган конституцион вазифаси бор. Бошқа функцияни улар жамоатчилик иши деб тушунади. 

Иккинчидан, одамларни мурожаат қилишга маҳалладан сектор штабига ўргатиш учун анча вақт керак. 

Учинчидан, сектор штабига жалб этилган мутахассислар ҳамон сектордаги фаолияти эмас, балки асосий иш жойидаги хизмат ҳажми учун ҳисобот топширади ва маош олади. 

Бошқача норма ишлаб чиқилган эмас. Шунинг учун сектор штаби аъзолари маҳалла оқсоқоли берган маълумотнома асосида ҳисобот беришдан нарига ўтмаяпти. Бундан ташқари, сектор штабига жалб этилган ходим кўпинча ўз мутахассислигига хос бўлмаган ишларни бажаряпти. Мисол учун, солиқчи – газ баллони етказиб бериш, ветеринар – йўлга шағал тўкишни ташкил этиш, бандлик вакили – ободончилик билан шуғулланади. Ойлик олмаган жойига хизмат қўл учида бўлиш кайфиятини ҳам унутмайлик.

Хулоса қилиб айтганда, ҳокимдан бошқа сектор раҳбарларининг зўриқиб ишлаётгани сезилиб қоляпти. Демак бу борада қонунчиларимиз, хусусан адлия вазирлиги ўз сўзини айтиши керакка ўхшайди.

 

Лавозимда ўтириш осонми ёки кетиш?

Албатта бу саволга турлича жавоб бўлади. Аммо давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (АРГОС)нинг ташкил этилиши давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилишда инсон омилини йўқотишга бирмунча ёрдам берди. “Бирмунча” деганимнинг сабаби бор. Мазкур тизим орқали танловда юқори балл олганлар кўпинча(!) суҳбатдан “йиқилади”. Ёки умуман тест топширмаганлар ҳам ишга қабул қилинади. Агар идоралар буйруқ нусхасини АРГОСга топширмаса, бу ҳолатдан ҳеч ким хабардор бўлмайди.

Ҳозирча суҳбатда бизга маъқул тушмасада, тестда юқори балл олганни ишга қабул қилишни йўлга қўйишимиз керак. Мисол учун Халқ таълими бошқармасидан суҳбатдан ўтган туман ХТБ бошлиғи яқинда аппеляция орқали суҳбат адолатсиз ўтказилганини исботлади ва ишга тикланди. Суҳбат ошкора бўлиши керак. Акс ҳолда, одамларда бу демократик жараёнга ишонч пасаяди. Лекин малакаси, интизоми йўқ ходимлар фаолиятига баҳо бериш мезонини ишлаб чиқишимиз керак. Ваҳоланки, ҳали-ҳамон кўп идоралар ўзлари “мақсадли” ўтказадиган аттестация усулидан фойдаланмоқда. Бу ҳолатда Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг ўз натижаларини ҳимоя қилиш ваколатини кучайтириш керакка ўхшайди.

 

Ҳокимда нечта ўринбосар бор?

Битта ҳолатни ҳисобга олмоқ лозим. Гарчи кимдандир ниманидир ўрганаётган бўлсакда, тараққиётни таъминлашда Ўзбекистон ўз бошқарув тизимини шакллантирди. Глобаллашув жараёни манаман деган давлатларда ҳам бошқарув тизимида қусурлар борлигини кўрсатиб қўйди. Қайсидир соҳаларда йирик ислоҳотлар ўтказиш жараёнларида ўша тармоқ нуфузини таъминлаш мақсадида унинг раҳбарларига қўшимча ваколат берилди. 

Бу тажриба иш бермоқда, негаки ўша соҳани бошқариш тизими янгича шаклланаётир. Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Бюджетдан маош оладиган ташкилот раҳбарлари кўпайди. Мисол учун, туман ҳокимида 6-7 нафаргача ўринбосар бор, вилоят ҳокимларида эса ундан зиёд. Уларнинг ёрдамчиси, котибаси, хизмат машинаси, ҳайдовчиси бор, айримлари давлат уйида туради. Нозик томони шундаки, раҳбар кўпайгани билан, биринчи раҳбардан кейингилари, менталитетимизга кўра, оддий ходимга айланиб қолаверади, яъни масалани мустақил ҳал қилмайди. Тўғри, баъзи ҳоким ўринбосарлари фаолияти учун баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилган. Лекин улар бу ишни бўлим бошлиғи сифатида ҳам бажариши мумкин. Яна бир нозик томони – бу ўринбосарлар икки идорага ҳокимлик ва вазирликка бўйсунади. Яқин соҳаларни бир-биридан алоҳида қилган сари улар раҳбарлари ўртасида муаммо ечимида бюрократик тўсиқлар пайдо бўлаверади. Тажриба шуни кўрсатяпти.

Мисол учун, ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси, тағин фермерлар уюшмаси бор. Ваҳоланки, бизда бу соҳани бошқариш кластерларга бериляпти. Агар эътибор қилсангиз, улар бераётган ҳисоботлар бир хил, фақат имзолар турлича. Эҳтимол, бу идоралар негизида, пиллачилик, чорвачилик, ветеринария ва кадастр хизматини қўшган ҳолда битта ихчам бўлим (департамент деса ҳам бўлади) ташкил этиш керакдир.

Молиявий тизимда ҳам пенсия жамғармаси, ғазначилик, молия бўлими, бандлик бўлимлари негизида алоҳида ва ихчам бўлим шакллантирилса, иқтисодга оид ташкилотларини эса статистика билан бирлаштириб, битта бўлим қилса бўлади. Фақат солиқ идораси халқаро тажриба асосида алоҳида бўлиши мумкин.

Йўл қурилиши ва ундан фойдаланиш, кўкаламзорлаштириш, ободончилик, “Тоза ҳудуд” идоралари негизида ҳам битта бўлим барча фаолиятни мувофиқлаштириши мумкин. Бевосита ҳокимнинг ўзи бошқарадиган ижтимоий соҳа – таълим, соғлиқни сақлаш, спорт ишлари бўйича битта котибият ҳам раҳбарликни эплай олади. 

Йўқ, мен бу билан фақат бюджет маблағини тежаш керак, демоқчи эмасман, яқин соҳалар бир-бирига боғлиқ ҳолда ривожланиши лозим. Бунда сунъий бюрократик тўсиқлар ҳам йўқолади. Худди шу ихчамлаштириш, яъни оптималлаштиришни вилоят миқёсида ҳам ўйлаб кўрса бўлади.

Аслида раҳбарликнинг рағбати унга бериладиган қўшимча ваколатда эмас. Негаки, ваколат ошгани сайин ҳар бир кишида ҳиммат камая боради. Раҳбарликнинг рағбати унинг вазифаси аниқлиги ва манфаатидадир. Раҳбарлик тизими самарадорлигининг яна бир манбаси жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситаларидир. Конституциявий ислоҳотлардан сўнг ижро органлари, маҳаллий кенгашлар фаолиятида ўзгаришлар бўлишини ҳам ҳисобга олишимиз зарур.

Камина бошқарув тизими ҳақидаги ушбу мулоҳазамда қонун ва қарорлар, низом ва нормаларни таҳлил қилишдан йироқман. Мақсадим мазкур соҳада юзага келган жараён асл ҳолатни баён этмоқдир. Чунки қонун ҳаётдан олинади, ҳаёт қонундан эмас.

Қолаверса, тажриба шуни кўрсатмоқдаги тармоқлар тизими пухта бўлмаса, яхши раҳбар ҳам зўриқади. Зўриқиш эса қўшиб ёзиш ва ўзини кўрсатишга, оқлашга интилишга йўл очади. Раҳбар билан иши битмаган ходимлар алам устида бир-бирига жаҳл қила бошлайди.

Дейл Карнеги, Амир Темур асарлари, “Авесто”, “Қобуснома” ўз йўлига, аммо файласуфлар, руҳшунослар раҳбарлик тизимининг реал жараёни психологияси ҳақида ҳаётий хулоса ва таклифларни айтиши зарур деб ҳисоблайман.

Асосийси, кўпчилик бўлиб мушоҳада қилсак, ўзимиз яшаб турган жамият ривожига ҳисса қўшган бўламиз.

 

Фармон ТОШЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,

Сенат аъзоси, ЎзХДП фаоли.

ЎзА.

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш