Асосий қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти
Асосий қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти

Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси тизимидаги ходимлар учун "Янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳияти" мавзусида онлайн ўқув-семинар бўлиб ўтди.


Унда депутатлар, партия Марказий ва ҳудудий кенгашлари ходимлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари иштирок этди.


Дастлаб, йиғилишни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафаев кириш сўзи билан очиб, Янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳияти ва долзарблиги хусусида гапирди.


Семинарда сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилбар Мамаджанова қатнашчиларга "Конституциянинг" вужудга келиш тарихи, унинг давлат тузилиши, ҳокимият ва бошқарув органлари тизими, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизими ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб бериши ҳақида сўзлаб берди.


Депутат бундан ташқари, Суверен Ўзбекистоннинг биринчи Конституциясини тайёрлаш, муҳокама этиш, қабул қилиш ва унинг амал қилиши йўлидаги 9 та ҳуқуқий қадамни бу борадаги энг муҳим тарихий воқеалар сифатида санаб ўтди.


Зотан, Конституциянинг яратилиш тарихи – бу мустақиллик учун курашнинг ажралмас таркибий қисмидир.


Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фирдавс Шарипов иштирокчиларга янгиланган Конституциянинг ишлаб чиқиш жараёнлари, мазмун-моҳияти ва ундаги ўзгаришлар хусусида маълумот берди.


Хусусан, бош қомусимиздаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошгани, қолаверса, конституция 65 фоизга янгилангани таъкидланди.


Конституциянинг 1-моддасида "Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги белгилаб қўйилди. Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат деб белгиланиши Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг устувор ғоя ва мақсадларига тўла мос келиши айтиб ўтилди.


Семинар сўнгида иштирокчилар томонидан Конституцияга оид саволларга жавоблар берилиб, Ўзбекистон ХДП ва унинг барча даражадаги депутатлик бирлашмалари, партия ташкилотлари асосий қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини жойларда кенг тарғиб этишда фаол бўлишлари лозимлиги таъкидланди.

Теглар

Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш