Изчил хамкорлик ижтимоий барқарорлик кафолатига айланмоқда
Изчил хамкорлик ижтимоий барқарорлик кафолатига айланмоқда

 

Давлатимиз раҳбари Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 23-25 январь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. Таъкидлаш керакки, бу 2024 йилдаги илк расмий ташрифи бўлгани ҳам чуқур маъно мазмунга эга.

Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари тарихий илдизи бир неча минг йилликларга бориб тақалади. Бугунги Ўзбекистоннинг очиқлик, дўстоналик, ўзаро тенглик каби принципларга асосланган ташқи сиёсати натижасида Ўзбекистон–Хитой ҳамкорлиги мустаҳкам асосга эга янги даврга қадам қўймоқда. Буни статистик рақамлар ҳам тасдиқлайди. Хусусан, ўтган 2023 йилда ўзаро товар айирбошлаш 50 фоизга ошиб, 14 миллиард долларга етган. Шу рақамнинг ўзи ҳам мамлакатимизнинг энг йирик ҳамкорларидан бирига айланганининг яққол исботи.

Олий даражадаги музокаралардан сўнг имзоланган Қўшма баёнотда ўзаро манфаатли ҳамкорликни турли соҳаларда ҳар томонлама мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шерикликни мазмун жиҳатидан бойитишга интилиши тасдиқланди. Бу ўзаро муносабатларнинг янги даври бошланишидан дарак бермоқда.

Бу барчамизни барқарорлик ва ҳамкорликнинг зарурати ва аҳамияти ҳақида мушоҳада юритишга ундайди. Ўзбекистон–Хитой муносабатларидаги бир нечта муҳим омилларга тўхталиб ўтмоқчимиз. Жумладан:

Биринчи масала – Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва Хитой Халқ Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ масалалари вазирлиги ўртасида камбағалликни қисқартириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида аҳдлашув баённомаси.

Хитойнинг камбағалликни қисқартириш билан боғлиқ тажрибасини бутун дунё тан олиб ундан андоза олмоқда. Юртимизда ҳам бу тажрибанинг айнан хитойлик мутахассислар ёрдамида қўлланилиши аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилиши табиий.

Иккинчи масала – шиддат билан ўсиб бораётган ўзаро иқтисодий ҳамкорлик.

Бунда Хитойдан жалб қилинаётган фаол инвестициялар оқими натижасида барқарор иш ўринлари яратилиб, доимий даромадга эга бўлган иқтисодий фаол аҳоли қатлами кенгаяди.

Учинчи масала – “Бир макон, бир йўл” ташаббуси.

Тарихдан маълумки, савдо йўллари кесишган нуқталарда замонасининг йирик шаҳарлари пайдо бўлган. “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг амалга ошиши Марказий Осиёга, жумладан, Ўзбекистонга Ғарб ва Шарқни боғловчи транспорт хаби бўлиш имкониятини яратади. Бу экспорт-импорт ҳажмининг кескин ошишига, ишчи кучининг эркин ҳаракатланишига замин яратади. Натижада юртимиздаги ижтимоий барқарорликнинг янада мустаҳкамланишига асос бўлади.

Қайд этиш зарурки, Ўзбекистон–Хитой ҳамкорлигининг мустаҳкамланиши мамлакатимизда умумий турмуш фаровонлиги ошишида, долзарб ижтимоий масалалар самарали ҳал этилишида муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Хитой билан алоқалар ҳар томонлама мустаҳкамланиши халқимизнинг тарихий анъаналари ва бугунги манфаатларига тўлиқ мос келади.

Халқ демократик партияси ўзаро манфаатли кўп томонлама иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қиладиган ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш