Дастур ва амал: Ўзбекистон ХДП муҳим мақсадига эришди
Дастур ва амал: Ўзбекистон ХДП муҳим мақсадига эришди

 

«Янги Ўзбекистонда – янги сайловлар» шиори остида 2019 йилги парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар янгича руҳ ва кўтаринки кайфиятда ўтганди. Ўшанда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида бир қатор муҳим ташаббусларни амалга оширишни режалаштирган эди.

Орадан 5 йилга яқин вақт ўтмоқда, янги сайловлар остонасида турибмиз. Партия дастурида белгилаган устувор мақсадларга қанчалик эришмоқда, деган савол жуда долзарб. Сайловчилар, жамоатчилик, албатта, бу саволга жавоб кутади. Халқ демократик партияси масъулиятни англаган ҳолда, амалий натижалар учун интилиб келмоқда.

Сайловдан кейин асосий 12 қадам белгилаб олинган эди. Партия депутатлик корпуси орқали уларга қандай эришаётгани ҳақида аниқ факт ва далилларни таҳлил қилишни бошлаймиз.

Бугун БИРИНЧИ ҚАДАМ хусусида сўз юритамиз.

Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида аҳоли турмуш даражасини белгилашда, ижтимоий сиёсат ва давлат ижтимоий дастурларини ишлаб чиқиб жорий этишда, шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловларнинг энг кам даражасини белгилашда халқаро ҳамжамиятда умумқабул қилинган кўрсаткичлар, яъни яшаш минимуми ҳамда уни қўллаш тартибини амалиётга киритиш зарурлигини белгилаб олган эди.

 

Ташаббуснинг долзарблиги

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг (аввалги таҳрир) 39-моддасида «пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас»лиги қайд этилган, бироқ ушбу Конституциявий норма амалда 27 йилдан бери ишламай келаётганди.

Иккинчидан, мамлакатимизда яшаш минимумини аниқлашнинг ҳуқуқий механизмлари ва мезонларнинг йўқлиги, тўғрироғи, шу вақтгача белгиланмагани ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тўланадиган ижтимоий нафақаларга ҳақиқатда муҳтож оилаларни аниқлаб олишга имкон бермаётганди.

Бу Халқ демократик партияси учун ўта муҳим масала эди. Камбағалликни қисқартириш, бу борадаги ишларни сифатли ва самарали ташкил этиш бир қатор омилларга боғлиқ. Шулардан энг муҳими камбағалликни белгиловчи мезонларни аниқлаштириб олишдир. Бундай мезон бўлмаса, аслида ким, нима учун камбағаллигини айтишнинг ўзи асосли эмасди.

 

Минимал истеъмол харажатлари ўзи нима?

Минимал истеъмол харажатлари (МИХ) – моддий ва бошқа ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолининг мақсадли гуруҳини аниқлаш мезони ҳисобланади. МИХ орқали камбағаллик чегараси белгиланади. Моддий имконияти шу чегарага етмаган ёки ундан паст оилаларга давлат томонидан моддий ва ижтимоий кўмак берилади.

Жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларга муҳтож аҳолининг мақсадли гуруҳини аниқлаш;

мамлакат камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланиш ва бунда таргет гуруҳдаги аҳолининг реал истеъмол хусусиятлари ва талабларини инобатга олиш;

камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;

пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатиш учун фойдаланилади.

 

Амалий ишлар

2020 йилнинг 3 июнь куни Президент раислигида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2020 йил 1 октябргача тирикчилик учун зарур энг кам миқдор бўйича ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Шу йили минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш учун республиканинг барча ҳудудларидан танлаб олинган 5 400 та уй хўжаликларида сўровнома ўтказилиб, улар 10 та гуруҳга бўлинди ва ушбу оилалар орасидан энг кам харажат ва даромадга эга бўлган 30% уй хўжаликлари ажратилди.

Сўровнома натижасида олинган маълумотлар асосида мазкур оилаларда жон бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат (2200 ккал) ва зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар учун минимал истеъмол харажатлар 2021 йилда киши бошига 440 минг сўмни ташкил этиши белгиланди.

2021 йий 27 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш тартибини амалиётга жорий этиш тўғрисида» қарори қабул қилинди.

Шу тариқа мамлакатимизда минимал истеъмол харажатлари амалиётга жорий қилинди. Бу камбағаллик чегарасини аниқлашга ҳам асос қилиб олинди.

Бошқачасига айтганда, минимал истеъмол харажатларини белгилаш орқали «камбағаллик» тушунчасининг ҳам моҳияти, унинг аниқ чегараси ҳақида одамларнинг онгида тасаввур пайдо бўлди.

 

Натижалар қандай бўлди?

Минимал истеъмол харажатларининг жорий этилиши ижтимоий тўловлар ва нафақаларнинг энг кам даражасини қайта кўриб чиқиш имконини берди. Бу 2021 йил ўзида ногиронлар, шунингдек, боқувчисини йўқотган оилалар учун энг кам пенсия ва нафақалар миқдори 10 фоиздан 50 фоизгача оширилишига олиб келди.

Фаол ижтимоий сиёсат юритишга замин яратилди. Натижада бугунги кунга келиб 2 млн дан ортиқ одам ижтимоий нафақа оляпти.

Камбағаллик чегараси белгиланди. Энди ким, нима учун камбағал эканлиги ойдинлашди. Ўз-ўзидан камбағаллик даражасини қисқартириш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Масалан, расмий маълумотларда келтирилган рақамларга эътибор берсак, камбағалликка қарши курашнинг янги тизими яратилган 2021 йилда камбағаллик даражаси 17 фоизни ташкил қилган. Бу 2021 йилда Ўзбекистон аҳолисининг 6 миллионга яқини камбағаллигини англатарди. 2023 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 11 фоизни ташкил қилмоқда.

Камбағалликни қисқартириш йўлида олиб борилаётган ишлар Халқ демократик партиясининг бу борадаги ғоя ва мақсадлари амалга ошиб бораётганини англатади.

 

Давлатнинг ижтимоий масъулияти ошмоқда

Жорий йил бошидан минимал истеъмол харажатлари миқдори янгиланди, 621 минг сўм этиб белгиланди. Бу қотиб қолган рақам эмас ва у ҳар йили чуқур таҳлиллар асосида доим янгиланиб боради.

Энг асосийси, яқин йилларгача умуман йўқ бўлган тизим бугун бор, амалий натижалар бериб, миллионлаб юртдошларимизга фойдаси тегмоқда. Давлатнинг ижтимоий масъулиятли бўлишини таъминламоқда.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг маълум қилишича, МИХ миқдорининг оширилиши натижасида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали қўшимча 63 минг нафар кам таъминланган оилага болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинланиши кутилмоқда.

МИХ қиймати қайта кўриб чиқилиши натижасида жорий йил якунига қадар нафақалар учун давлат бюджетидан қўшимча 216 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Мазкур нафақаларни қайта ҳисоблашда фуқароларнинг мурожаати талаб этилмайди.

 

Мунтазамлик зарур

«Минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш тартибини амалиётга жорий этиш тўғрисида»ги қарорга кўра, Статистика агентлиги минимал истеъмол харажатлари ва камбағаллик даражасини ҳисобот йилидаги инфляция даражасидан келиб чиқиб, кейинги йилнинг 20 январига қадар эълон қилиб бориши керак. Ўтган 2023 йилда минимал истеъмол харажатларини белгилаш кечикиб, июль ойида эълон қилинди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар эса деярли 6 ой давомида ижтимоий ёрдамларни эски 2022 йилги таъриф бўйича олишди.

Бундай камчиликларга йўл қўйиб бўлмайди. Партиянинг парламентдаги фракцияси электорат манфаатлари, дастурий мақсадлари ижроси билан боғлиқ муҳим масалаларда доимий диққат ва назоратни унутмаслиги муҳим.

 

Кейинги қадам

Ўзбекистон Конституциясининг 46-моддасида пенсия ва нафақалар миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлмаслиги белгиланган.

Мана шу конституциявий таянч асосида минимал истеъмол харажатлари тўғрисида қонун қабул қилиш, барча тартиб-қоидаларни алоҳида қонун билан янада ва қатъий белгилаб қўйиш вазифаси турибди. Халқ демократик партиясининг бу масалада ҳам амалий натижага эришишига ишониш мумкин.

Демак, партия Сайловолди дастуридаги энг муҳим мақсадлардан бири амалга ошди, минимал истеъмол харажатлари расман белгиланиб, халқимизга фойдаси тегмоқда, давлатнинг ижтимоий масъулиятини ошириш кафолатларидан бирига айланмоқда.

 

Аҳмад ҚУРБОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 7.02.2023, №5

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Сайлов Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш