Дунё учун муҳим уч саммит

Ўтган ҳафта давомида халқаро майдонда дунё аҳамиятига молик, ҳамманинг нигоҳи қадалган Марказий Осиё – Хитой, “Катта еттилик” номини олган G7 ва Араб давлатлари лигаси саммитлари бўлиб ўтди. Номидан маълумки, учала тадбирда ҳам мамлакатларнинг етакчилари қатнашди ва шуниси билан ҳам ҳамманинг диққат марказида бўлди. Ушбу саммитлар кун тартибида нима масалалар муҳокама қилингани, саммитларнинг ўзига хос томонларини қисқача ёритишга қарор қилдик.

 

Биринчи саммит

Ер юзида шундай бир макон, ҳудуд борки, у ердаги халқларни, давлатларни бир-биридан айро, бир-биридан узилган ҳолда тасаввур қилиш мушкул. Бу ҳудуд Марказий Осиё, деб номланади. Бу ерда истиқомат қилувчи халқларнинг ўзаро алоқалари минг-минг йилликларга бориб тақалади. Бир-бирини сўзсиз тушунадиган, бир-бирини тўлдирадиган, маданий, диний ва лингвистик жиҳатдан деярли фарқланмайдиган бундай минтақалар дунёда кам.

Йиллар давомида уларнинг бир мақсад йўлида собитқадамлик билан ҳаракат қилишига, минтақа тақдири учун бирлашишига айрим омиллар қаршилик қилди. Лекин кейинги йилларда Марказий Осиё интеграцияси йўлида якдиллик билан дадил қадамлар ташланаётганига бутун олам гувоҳ бўляпти.

Минтақа давлатларининг келажаги ўзаро боғлиқ бўлганлиги учун ҳам биз халқаро майдонда йирик давлатларнинг минтақадаги бир-иккита эмас, балки, бутун Марказий Осиё билан мулоқот форматларига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Куни кеча 18-19 май куни Хитой Халқ Республикасининг Сиань шаҳрида ҳам Марказий Осиё – Хитой давлат раҳбарларининг биринчи саммити бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Хитой Халқ Республикаси раҳбарлари йиғилишди. Икки кун давом этган йиғилишнинг айнан Сианда ташкил этилиши рамзий маънога ҳам эгадир, балки. Чунки, асрлар давомида Шарқ билан Ғарбни боғлаб келган, халқлар ўртасида маданият алмашишга, уларнинг узоғини яқин қилишга беназир ҳисса қўшган Буюк ипак йўли айнан Сиандан бошланган.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Венбин “Хитой — Марказий Осиё” саммити Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканини маълум қилганди.

Саммитнинг аҳамиятини Хитой Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Син Ганг ҳам таъкидлади. Вазир бўлажак тадбирни 2023 йилнинг энг йирик дипломатик тадбирларидан бири сифатида баҳолади.

Дарҳақиқат, май ойидаги саммит 2023 йилда Хитой мезбонлик қиладиган биринчи йирик дипломатик тадбир, шунингдек, 31 йил аввал дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан бери олти давлат раҳбарлари ўтказган биринчи юзма-юз саммит бўлди.

Дарвоқе, жорий йилнинг дастлабки тўрт ойидаги иқтисодий кўрсаткичлар Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо алоқалари сезиларли даражада ошганидан дарак бермоқда. Шундай қилиб, 2023 йилнинг январ-апрель ойларидаги статистикалар Хитой ва беш республика ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 37 фоиздан кўпроқ ўсганини кўрсатганди.

Демак, юқоридаги таърифларга ҳам, йиғилишнинг ташкил этилишига ҳам асослар етарли.

Кун тартибига мувофиқ, Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга оид ҳамда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз нутқида минтақа равнақи учун муҳим ва долзарб бўлган бир қатор масалаларга урғу берди.

Жумладан, минтақа мамлакатлари 2030 йилгача Хитой билан товар айланмаси ҳажмини икки баробар ошириш, бунга биринчи навбатда саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришнинг мутаносиб ўсишини таъминлаш, самарали савдо-логистика инфратузилмалари ва замонавий улгуржи-тақсимлаш тармоқларини шакллантириш, “яшил” ва экспресс-йўлаклар тизимини жорий этиш, электрон тижоратнинг умумий платформасини яратиш ҳисобидан эришиш мумкинлигини таъкидлади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари “ақл марказлари”нинг биргаликдаги фаолиятини ривожлантириш, таълим, маданий-маърифий соҳаларда ҳам ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилди. Сиань декларациясининг асосий бандларини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Саммит тадбирлари якунлангач, мамлакатларимизнинг дўстлиги, яхши қўшничилиги, тараққиёт ва равнақ сари муштарак интилишлари рамзи сифатида биргаликда дарахт экиш маросими бўлиб ўтди.

Олий даражадаги музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Қўшма баёнотни имзолаб, 2023-2027 йилларга мўлжалланган янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш дастурини қабул қилдилар.

Етакчилар ҳузурида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:

– Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида техник-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битим;

– Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида Ҳамкорлик бўйича ўзбек-хитой ҳукуматлараро қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённома;

– Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида ўрта таълим мактаблари салоҳиятини ривожлантириш бўйича лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битим;

– Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси билан Хитой Халқ Республикаси Божхона бош маъмурияти ўртасида ваколатли иқтисодий операторлар дастурларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги келишув;

– Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан Хитой Халқ Республикаси Тижорат вазирлиги ўртасида устувор инвестиция лойиҳаларини илгари суриш бўйича англашув меморандуми;

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Матбуот канцелярияси ўртасида оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми;

– Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида 2023-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;

– “EXEED” компанияси билан биргаликда замонавий автомобиллар ишлаб чиқариш тўғрисида;

– “BYD Auto Industry” компанияси билан биргаликда электр ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқариш тўғрисида;

– “Ўзбекистон миллий банки” АЖ билан “Хитой Эксим банки” ўртасида кредит линияларини жалб қилиш тўғрисида;

– “Ўзбекистон миллий банки” АЖ билан “Хитой тараққиёт давлат банки” ўртасида кредит линияларини жалб қилиш тўғрисида муҳим келишувларга эришилди.

Ташриф доирасида икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган жами 41 та ҳужжат имзоланди.

Марказий Осиё ва Хитой муносабатларида янги давр бошланаётганига гувоҳ бўляпмиз.

 

Катта еттилик

21 май куни Япониянинг Ҳиросима шаҳрида “катта еттилик” давлатларининг 49-саммити ўтказилди. Унда АҚШ, Канада, Германия, Франция, Япония, Италия ва Буюк Британия расмийлари қатнашишди. Меҳмон сифатида Европа Иттифоқидан вакил ҳамда Япония Бош вазирининг таклифига биноан Корея Республикаси Президенти ҳам иштирок этди.

Саммит доирасида асосан Украина инқирози атрофидаги масалаларга кўпроқ эътибор қаратилди. Буни саммитда Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг иштирокидан ҳам англаш мумкин эди.

Япония Бош вазири Фумио Кисиданинг йиғилишдаги нутқининг асосий жиҳатларига эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Саммит ўтказиладиган жой сифатида айнан Ҳиросиманинг танланиши рамзий маънога эга. Чунки инсоният тарихидаги биринчи ва ягона атом бомбасининг синови айнан шу шаҳарда амалга оширилган. Ядро қуроли олиб келиши мумкин бўлган қирғинбарот ва фожиани ўз бошидан кечирган япон халқи вакили сифатда саммитга мезбонлик қилган Фумио Кисида бундай даҳшатни инсоният бошқа кўрмаслиги кераклигини ва ядро қуролидан ҳоли дунёни идеал дунё, деб атади.

У, шунингдек, Ҳиросиманинг машъум ўтмиши дунёда барқарорлик ва глобал тартиб бузилган тақдирда нима содир бўлиши мумкинлиги ҳақида эслатма бўлиб хизмат қилмоғи лозим ва бу эслатмага бугун дунё яқин ўн йилликлар ичида ҳар қачонгидан-да муҳтожлигини таъкидлади.

Жаноб Кисида нутқида Ҳиросима Ҳаракат режасида белгиланган ядро қуролидан ҳоли дунё шиори остида амалий ишларни устувор вазифа этиб белгилашни илгари сурди.

Режа ядровий энергияни ҳарбий мақсадларда ишлатмаслик муҳимлигини тан олишни, шаффофликни таъминлаш, глобал ядровий чиқиндиларни камайтириш, ядровий қуролларни тарқатмаслик ва ядровий энергиядан тинч мақсадларда фойдаланиш, ядро қуролига эга давлатлар раҳбарларининг Нагасаки ва Ҳиросимага ташрифларини уюштириш орқали тушунтириш ишлари олиб бориш каби таклифлардан иборат.

Саммитнинг ўзига хос, биз учун муҳим бўлган жиҳати унда G7 давлатлари минтақавий муаммоларни ҳал қилишда Марказий Осиё билан ҳамкорлик қилиш ниятида экани қўшма баёнотда маълум қилинди. Улар минтақа билан савдо ва энергетика алоқаларини мустаҳкамлаш, транспорт соҳасидаги лойиҳаларни, жумладан, Транскаспий халқаро транспорт йўналишини қўллаб-қувватлаш ниятлари борлигини таъкидлашди.

Очиғи, G7 етакчиларининг мазкур баёноти кўпчилик учун кутилмаган юриш бўлди. Чунки, G7 саммити билан деярли бир вақтда Марказий Осий – Хитой мулоқот учрашуви бўлиб ўтганди. Геосиёсий жиҳатдан жуда муҳим саналадиган Марказий Осиё билан алоқаларни мустаҳкамлаш, қолаверса, Хитойнинг минтақада таъсири ошиб кетишидан хавотир ҳам уларни бунга ундагандир.

Бу Марказий Осий учун нафақат янги чақирув, шу билан бирга, имкониятдир. Улар Транскаспий халқаро транспорт йўлагини қўллаб-қувватлашини очиқ-ойдин маълум қилишди. Демак, бу минтақамизнинг ғарбга чиқиши учун яна бир алтернатив вариант. Танлаш имкони мавжуд бўлган вазиятда қарорлар тўғрилиги, уларни солиштириш, муҳокама қилиш имкони бўлади.

Балки, ғарбнинг алтернатив бериши минтақа тараққиёти кейинги босқичга кўтарилиши учун “Puzzle”нинг охирги қисмларидан биридир.

 

Араб давлатлари лигаси

Яқин Шарқ минтақасидаги инқирозларни ҳал қилиш учун 19 май куни араб мамлакатларининг 32-саммити Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида бўлиб ўтди. Араб давлатлари лигаси 1945 йилда ташкил этилган. Ҳозирги кунда 22 давлат аъзо ҳисобланади. Ташкилотга аъзо давлатлар аҳолисининг умумий сони 460 млн.дан ортиқ ва ЯИМ аҳоли жон бошига ўртача 6,5 минг доллардан ошиқроқдан тўғри келади.

Бу галги саммитнинг бир нечта ўзига хос хусусиятларини санаб ўтиш мумкин. Энг муҳим жиҳат, бу, албатта, 12 йиллик танаффусдан сўнг Суриянинг ташкилотдаги фаолияти қайта тикланиши бўлди. 2011 йил Сурияда бошланган фуқаролар уруши уни ташкилотдан четлатилишига олиб келганди.

Лекин кейинги йиллардаги халқаро майдонда бўлаётган ўзгаришлар араб давлатларини ҳам минтақа билан боғлиқ ташқи сиёсатини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.

Ташкилотнинг энг йирик давлатларидан бири саналган Саудия Арабистони бутун бошли араб дунёсини ўз атрофида жипслаштиришга ҳаракат қилмоқда. Буни Эрон билан муносабатларнинг тикланишида ва Суриянинг ташкилотга қайтарилишида ҳам кўриш мумкин.

Қисқача айтганда, араб давлатлари етакчилари Суриядаги инқирозларга барҳам бериб, унинг бирлиги, хавфсизлиги ва барқарорлигини сақлаб қолиш ва уни араб муҳитига қайтаришга қаратилган сиёсий ечим қидиришди. Ниҳоят, Суриядаги инқирозларга барҳам беришда араб давлатларининг роли муҳим эканини англаган, араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари Сурияни Араб Давлатлари Лигасидаги ўрнига қайтаришга қарор қилишди.

Саммитнинг яна бир ўзига хос жиҳати Украина Президентининг ташриф буюриши бўлди.

Саудия Арабистони Россия — Украина инқирози бўйича бетарафлик позициясини ўзгартирмаслигини билдирган. Зеленский эса Қиролликнинг бетарафлик позициясини ва инқирозни бартараф этишдаги саъй-ҳаракатларини қадрлашини айтиб ўтган.

Шунингдек, ташкилот аъзоси бўлган Судан инқирозини бартараф этиш ва Фаластин инқирозини ҳал қилиш, Исроилнинг ноқонуний амалиётини қоралаш борасидаги қатъий позициясини тасдиқлашга ҳисса қўшди ва бу икки тамойил асосида адолатли ва кенг қамровли тинчликка эришиш кўзланган. Халқаро қонунийлик резолюцияларига мувофиқ пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил ва суверен Фаластин давлатини ўзида мужассам этган давлат қурилишини қўллаб-қувватлаш ҳам саммитда асосий масалалардан бўлган.

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимиз, Яқин Шарқ минтақасидаги можароларга осонликча ечим топиш қийин. Йиғилишни БАА вакиллари эрта тарк этганлиги айтилди. Бу ҳам балки, улар орасида ҳали ҳам етарлича жипслик йўқлигини кўрсатаётгандир. Аммо бу саммит минтақа тинчлиги учун ташланган ижобий қадамлардан биридир. Саммит келгусида минтақада улкан ўзгаришларга умид бағишлайди. Биз ҳам Яқин шарқда тинчлик ўрнатилишига умид қиламиз.

 

ОАВ материаллари асосида

Аҳмад Қурбонов тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 24.05.2022, №19

 

 

 

Теглар

Хориж хабарлари
← Рўйхатга қайтиш