Янгидан янги марралар, ташаббуслар учун илҳом олдик

 

Президентимизнинг мустақиллигимизнинг 29 йилллиги муносабати билан сўзлаган нутқини жон қулоғим билан тингладим. Бу мен каби барча мамлакатимиз фуқароларига маънавий қувват бағишлади, десам муболаға бўлмайди. Айниқса, ҳозирги синов даврида бу самимий, меҳрга тўла ҳаётбахш сўзлар келажакка ишонч, умид берди, қалбларга қувонч бахшида этди.

Президентимиз маърузасида “Биз қандай таҳликали ва суронли даврларни бошимиздан кечирмайлик, қандай ютуқ ва натижаларга эришган бўлмайлик, мустақиллик ғояси, истиқлол руҳи бизга доимо тоғдек таянч бўлмоқда”, деб алоҳида таъкидлаб ўтди. Ҳақиқаттан ҳам, қарийиб 3 минг йиллик давлатчилик тарихига эга бўлган Ўзбекистонимизнинг ҳар бир ҳудуди ҳаттоки, пандемия шароитида ҳам янгиланишлар, ўзгаришлар оғушида...

Она юртимизнинг сарҳадлари сарбаланд бир бўлаги бўлган Қашқадарёда ҳам бу шахдни, шиддатни, элу юртга қайишишни, одамларнинг оғирини енгил қилиб, мустақил Ватан иморатига муносиб ҳисса қўшиш учун сафарбар этилаётган имкониятларни кўришимиз мумкин. Деҳқон далада ризқ етиштирди, қурувчи осмонўпар бинолар барпо қилди, саховатли қўллар эҳтиёжманд кишилар дастурхонини тўкин қилиш учун чўзилди. Буларнинг барчаси истиқлолга эришган халқимиз дунёқарашидаги ўзгаришлар, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, дахлдорлик туйғуси нақадар катта қудратга эгалигига, давлатимиз раҳбари таъкидлаб ўтган, маънавий пойдеворнинг асоси эканига яққол мисолидир.

Албатта, ҳар қандай маънавий пойдевор, дебоча бевосита таълим-тарбия тизими билан боғлиқдир. Ҳар қандай шароитдаям ўз мақсади сари дадил одимлаб бораётган мамлакатимизда бу йил биринчи марта “Тарбия” дарслари йўлга қўйилмоқда. Ундан кўзланган мақсад, ҳар қандай ўрганилган билим – инсон ва Ватан манфаатлари хизмат қилиши зарур. Мана шу формула – юксалиш ва тараққиётнинг энг ишончли йўли, деб ўйлайман. Мана шу формула бугунимиз ва эртамизда, ҳаётимизда бизни ҳурсанд этадиган мўъжизаларни содир этаверади.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг нутқи ҳар биримизни янгидан янги марраларга, ташаббусларга чорлади. Ҳар қандай қийин, машаққатли шароитдаям азиз ва муқаддас, охори тўкилмас қадриятлар, яъни тинчлик, осойишталик, мустақиллик ва инсон қадр-қимматини кўз қорачиғидай асраб-авайлаш керак, деган қатъий ва кўтаринки руҳ берди. Ҳар биримиз белни маҳкам боғлаб, тараққиёт ва ривожланиш йўлидан дадил одимлаётган юртимизга суянч ва тиргак бўлайлик!

 

Лола Саодатова,

халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси.

 

Теглар

Депутат Мустақилликнинг 29 йили
← Рўйхатга қайтиш