Янги Ўзбекистон тараққиётнинг мутлақо янги босқичида

 

Давлатимиз раҳбарининг мустақиллигимизнинг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи ўзбекистонликман, деган ҳар бир инсонни тўлқинлантириб юборди. Ҳар бир фуқарода эртанги кунга, юртимизнинг порлоқ истиқболига чексиз ишонч туйғуларини уйғотди. Айниқса, бугунги синовли кунларда коронавирусга қарши мардона туриб курашаётган юртдошларимизнинг кўнгли таскин топгани, бугун “тош келса кемириб, сув келса симириб тобланган халқимиз” ўзининг сабр-матонати ва меҳр-оқибатини янада ёрқин намойиш қилаётгани бунинг исботидир.

Фақат бугун эмас, балки йигирма тўққиз йилдан бери мустақиллик ғояси, истиқлол руҳи барчамизга тоғдек таянч бўлиб келаётир. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”.

Ҳа, истиқлолга эришгач, Ўзбекистон тараққиёт сари дадил одимлай бошлади. Бу – баландпарвоз гаплар эмас, балки реал воқеликдир. Дунё ҳамжамияти буни кўриб, билиб турибди. Аслида ҳар қандай мўъжизанинг тагида ватанпарварлик, фидойилик, меҳнат, матонат ётади. Шу маънода, Президентимиз айтганларидек, ўзбек халқи бугун том маънода қудратли кучга айланди.

Мозий гувоҳ – заминимизда икки марта Ренессанс даври бўлган. Тақдир тақозаси, қонли урушлар, босқинчиларнинг очофатлиги боис тамаддунимиз равнақ топмаган. Ренессанс боқий бўлиши учун унинг пойдевори мустаҳкам бўлиши керак. Бугун ана шундай пойдевор барпо этилаяпти. Кейинги уч-тўрт йилда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижаси пойдеворнинг ғиштчаларидир.

Масалан, кейинги тўрт йилда юртимизда 43 та олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 121 тага етказилди. Тамомила янги мазмун ва шаклдаги 4 та Президент мактаби, ижод ва ихтисослаштирилган ва замонавий мактаблар барпо этилди, мактабларимизда “Тарбия” фани жорий қилинди. “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастури асосида 8 мингдан зиёд ўғил-қизларимизнинг бизнес лойиҳаларига 1,7 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.

Аслида “Ренессанс” – французча сўз бўлиб, уйғониш деган маънони билдиради. Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам Ренессанс даврлари бўлганлиги тарихдан маълум. Аввалги Ренессанс давларида асосан илм-фан, маданият ва санъат равнақ топган бўлса, бугунги Ренессанснинг асосий тамойили – аввало инсонни улуғлаш, унинг бахту саодати учун муносиб ҳаёт шароитини яратишдан иборат. Ренессанс фақатгина илм-фанни ривожлантириш эмас, биринчи галда фаровон ҳаётни таъминлашни назарда тутади.

Бугун юртимиз улкан қурилиш майдонига айланди. Биргина ижтимоий соҳада ҳозирги вақтда 2 минг 400 га яқин объектда қурилиш ишлари олиб борилаётгани бунинг далилидир. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ижроси учун 4 триллион сўм маблағ йўналтирилгани ҳам шундан далолат.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон тарихида ижтимоий соҳа бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар илгари ҳеч қачон бўлмаганини жуда тўғри таъкидлади. Пандемия тажовузи, унинг устига устак Бухоро ва Сирдарё вилоятларида рўй берган табиий ва техноген офатларни бартараф этишнинг ўзи бўлмайди. Биргина сентябрь ойида кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари ва ногиронлиги бўлган болаларни қишки кийим-бош, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлаш мақсадида 426 миллиард сўм моддий ёрдам кўрсатилгани инсонпарварликнинг чинакам намунасидир.

Бугун юртимиз чинакамига янги қиёфа касб этмоқда. Яратганнинг иродаси билан халқимиз тақдирида юксалиш даврининг янги уфқлари очилаётгани рост бўлсин.

 

Фарход Хидиров,

Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши раис ўринбосари.

 

Теглар

Мустақилликнинг 29 йили
← Рўйхатга қайтиш