Сайловчилар эътирофига сазовор бўлаётган сайловолди дастури

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг Қашқадарё вилояти бўйича ишончли вакили Олим Равшанов Чироқчи тумани сайловчилари билан учрашув ўтказди.

Унда туман тиббиёт бирлашмасида бўлиб ўтган тадбирда номзоднинг ишончли вакили Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастуридан жой олган устувор йўналишлар хусусида учрашув иштирокчиларига тушунтиришлар берди.

Хусусан, номзоднинг ишончли вакили дастурда тиббиёт ходимларининг шаъни, қадр-қиммати ва соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича қонун қабул қилиш дорихоналар ва хусусий тиббиёт муассасаларга алоҳида ижтимоий ташкилот мақомини бериш, қишлоқ туманларига саноатни олиб кириш, аҳолини, жумладан кам таъминланган оилаларни ногиронлиги бўлган шахсларни, бошқа ижтимоий демографик заиф гуруҳларни юқори технологияларга асосланган тиббий ёрдамдан бепул фойдаланган ҳолда ҳар йили бепул кўрикдан ўтказишни ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини қайд этди. Ишончли вакилнинг таъкидлашича, ушбу вазифаларнинг амалга оширилиши аҳолининг барча қатламлари, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун кенг имкониятлар яратади.

– Бу борада номзод томонидан таклиф этилаётган миллий қонунчиликни БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича конвенциянинг тамойиллари ва меъёрларига мувофиқлаштириш ҳамда “Коммунал хизматлар тарифларини тартибга солиш асослари тўғрисида”ги ва “Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши айни пайтда кўпчиликни ўйлантираётган масалаларга қонуний жиҳатдан ечим топилишига хизмат қилади, – деди номзоднинг ишончли вакили Олим Равшанов.

Учрашувда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлашларини ва сайловда ушбу номзодга овоз беришга даъват қилдилар.

 

ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши

 

 

Теглар

Сайлов-2021
← Рўйхатга қайтиш