Ривожланишнинг янги босқичи
Ривожланишнинг янги босқичи

 

Янги Ўзбекистонда отаётган ҳар бир янги тонг хайрли мақсадларимиз сари йўл очаётгани халқимизнинг осойишта ва фаровон ҳаётида яққол акс этмоқда. Мана шундай шукуҳли кунларда миллий истиқлолимизнинг ўттиз тўрт йиллик шонли санасини ҳар томонлама муносиб, юксак савияда нишонлаш тадориги шаҳар-у қишлоқларимизда, ҳар бир маҳаллада қизғин бошлаб юборилди.

34 йил тарих учун кўз очиб-юмгулик фурсат. Аммо ушбу қисқа даврда, аввало, эл-у юртимизнинг хоҳиш-иродаси, куч-қудрати, машаққатли ва бунёдкорона меҳнати эвазига жаҳон харитасида янги, ўз кучи ва салоҳиятига таянган, тараққиёт йўлидан барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётган суверен Ўзбекистон давлатининг пайдо бўлиши, ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг тарихий ғалабасидир. Айниқса, сўнгги саккиз йилда Ватанимиз ривожланишнинг том маънода янги босқичига қадам қўйди. Мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий соҳаларидаги ислоҳотлари халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётганига барчамиз гувоҳмиз.

Ўзбекистон ўз олдига қўйган узоқ муддатли мақсадлар орқали халқ фаровонлигини таъминлаш, иқтисодиётни янада мустаҳкамлаш ва сиёсий барқарорликни сақлашга интилмоқда. Президент ташаббуси билан қабул қилинган “Ўзбекистон-2030” стратегияси асосида жамиятимизда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини кучайтириш, инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, минтақамизда яхши қўшничилик алоқаларини янада ривожлантириш, дунё мамлакатлари билан фаол ҳамкорлик қилиш жараёни изчиллик касб этмоқда.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда мамлакат иқтисодий ва ижтимоий ҳаёти кескин ўзгарди. Барча жабҳада инсон қадри ва халқ манфаати устуворлигини таъминлаш йўлидаги дадил ислоҳотлар натижасида қисқа муддатда иқтисодиётимиз шиддат билан ўсиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми тарихда биринчи марта 110 миллиард АҚШ долларидан ошди. Юртимизда “яшил” ва инновацион иқтисодиётга ўтиш, муқобил энергия манбаларини яратиш бўйича улкан дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, таълим тизимида янги ривожланиш босқичи йўлга қўйилди. Халқ таълими, олий таълим ва илмий-тадқиқот соҳаларида замонавий имкониятлар яратилмоқда. Ёш авлодга сифатли таълим бериш учун давлат бюджетидан салмоқли маблағлар ажратилмоқда.

Мустақиллик куни – Ўзбекистон халқининг миллий байрами. Ҳар йили бу кун ўзгача тантана билан нишонланади, мамлакат бўйлаб турли маданий тадбирлар, концертлар, кўргазмалар ва илмий-амалий анжуманлар ўтказилади. Ушбу байрам халқимизнинг ўз эрки, юртга муҳаббати ва келажакка бўлган ишончини нишонлаш куни ҳамдир. Зеро, миллий суверенитет ва мустақиллик Ватан учун, миллат учун, халқ учун хизмат қиладиган мустаҳкам сиёсий-ижтимоий замин ҳамда куч-қудрат манбаи ҳисобланади.

 

Дилбар МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 16.7.2025, №28

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш