“Миллий тикланиш” партияси диққатига: Бош қолдими дўппига лойиқ?..

 

Раҳматли Муҳаммад Юсуфнинг шеърини ҳаммамиз ўқиганмиз, биламиз. Унда дилгир, миллий хаёлларга мубтало қаҳрамоннинг қалб дафтари ўқувчиларга ўзига хос бадиий талқинда ҳикоя қилиб берилади.

Энди гапни эски қадрдонимиз “Миллий тикланиш”дан эшитинг. Интернетни гумбурлатаётган хабарлар оқимида кўзим “Дўппи челленж”га тушиб қолди.

Ҳа, нимасини айтасиз, дўппидан муҳимроқ мавзу йўқ ҳозир.

 

Бу оламшумул ғоянинг муаллифи ким экан, деб қарасам, шу “Миллий тикланиш” партияси лидери бўлиб чиқди. Назаримда, партия марказий аппаратида миллийлик, маданий мерос деганда дўппини назарда тутадиган даражадаги политтехнологлар ишлайди, шекилли.

Афсуски, сайловолди ташвиқотлари мундарижаси “Дўппи челенж” даражасида қотиб қолган партиялар ҳам бор. Шундай хаёллар билан партия ва унинг раҳбари номидан юритиладиган интернет ресурсларни ораладим. Балки янглишаётгандирман, эҳтимол бошқа бир тузук роқ, жўялироқ гаплар, ташаббуслар бордир?

Ҳа, бор экан. Имзо йиғиш жараёнига ўқитувчиларни мажбуран жалб қилмасликка доир ҳуқуқий тавсия ва келажакка хиёнат номли кулгили утопия. Ҳуқуқшунос дипломига эга бўлган партия етакчисининг “Миллий тикланиш”ни ҳуқуқий маслаҳатлар омборига айлантириб бораётгани алоҳида мавзу.

Биринчидан, ўзининг чиқишлари билан ўқитувчилар ҳимоячиси, таълим фидойиси сифатида кўзга ташланишни яхши кўрадиган “Миллий тикланиш” партияси амалда устозлардан имзо йиғишни бошлаворгани учун лоақал узр ҳам сўрамади. Шунчаки, уларга ҳуқуқий тавсия берилди. Келинг, биз буни юмшоқ қилиб, “Олийжаноб кеккайиш”, деймиз.

Келажакка хиёнат гиперғояси ҳақида. Асосий жиҳат шундаки, келажакка доир муҳим ва долзарб ташаббус Эшматнинг тилидан эмас, Олий Мажлисда фракция раҳбари, бир партия лидери бўлган шахснинг тилидан чиқаяпти. Яъни, ҳали ғоя сифатидагина мавжуд бўлган, амалга киритиш механизмлари тўлиқ асосланмаган, концептуал жиҳатдан таҳлил қилиб кўрилмаган қизиқ бир гапни пақ этиб айтиб қўйиш – ҳай-ҳай, сиз блогер эмассиз, қонуншуноссиз, акаси.

Халқни алдаманг, таклифларингизни профессионал қонун ижодкорларига хос равишда, аниқ ва лўнда гапиринг. Ким, айтинг, ким сизга халал бераяпти бу нормани ҳужжат шаклида, лойиҳа шаклида парламентга киритишга? Нега энг осон ва енгил йўлни танлайсиз?

Дарвоқе, агар бошқалар шундай ниятларини, орзуларини айтса, аниқки, енгил “ҳайп”да, шов-шув ортидан қувишда айблашади.

Умуман, “Миллий тикланиш” партияси ҳар доимгидек, муҳим сиёсий кампания баҳонасида аравани қуруқ олиб қочиб, сайловчиларнинг фикрини чалғитишни бошлаганга ўхшайди. Кейинги ўн-ўн беш кунда партия асосан таълим масалалари ва “дўппи челленж” билан машғул бўлганини инобатга олсак, ўзининг сайловолди дастурини узил-кесил унутиб қўйгани тушунарли.

Ҳозир жойларда барча партиялар конференцияларини ўтказиб, навбатдаги съездга тайёргарлик кўрмоқда. Уларнинг энг қуйи тузилмаси – шаҳар ва туманлардаги ходимлари айни пайтда сайловчилар билан юзлашиб, имзо йиғиш, съездга номзодлар сайлаш тараддудида.

“Миллий тикланиш”да партия ғояларига садоқат билан ишлаб юрган одамларга бериладиган тузукроқ мафкуранинг йўқлиги ачинарли. Бошқа томондан олганда, кундалик воқеликлар, муҳим янгиликларга муносабатлар даражасидаги тафаккур билан одамларни алдаш қийин.

Балки, “Миллий тикланиш” хаёлпарастликни йиғиштириб, дўппини ерга қўйиб, бирон жиддийроқ иш қилиш кераклигини ўйлаб кўрар?

 

Қодир БУМАТОВ

“Ўзбекистон овози”, 25.08.2021, №32-33

 

 

Теглар

Сайлов-2021
← Рўйхатга қайтиш